Қиш қандай келади? — иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов прогнозларни маълум қилди

16:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Бу йилги қиш намлик етишмаслиги ва паст ёғингарчилик билан кечиши кутилмоқда.

Qish qanday keladi

Иқлимшунос олим Эркин Абдулаҳатов жорий йилнинг куз-қиш мавсумидаги об-ҳаво ҳақида маълумот берди.

«Йилимиз жуда қурғоқ келди. Нам ҳаво оқимлари «қуввати» кам, шу боис вазият яхши эмас. Асосий қишлоқ хўжалик ерлари ва яйловларда намлик етишмаяпти. Айниқса, лалми ерлар намсиз ҳолда қишга кирмоқда», — деди олим.

Унинг сўзларига кўра, октябр ойи давомида кутилган ёғин меъёрнинг 50–80 фоизини ташкил этади. Бу эса деҳқончилик учун хавотирли ҳолатдир. «Бундай иссиқ ва қурғоқ кунлар кетидан кутилган ёғингарчилик ҳам меъёрдан кам бўлади», — дея таъкидлади у.

Абдулаҳатовнинг гидрометеорологик таҳлилларига кўра, келаётган қиш ҳам қурғоқ бўлиши мумкин. Тинч океани марказидаги сув ҳароратининг совиши — «Ла-Ниня» ҳодисаси — бу ҳолатнинг асосий сабаби сифатида кўрсатилмоқда.

«Қиш қурғоқ, феверaл ва март ойларида эса иссиқ кунлар ортидан қисқа муддатли совуқ қайтиши мумкин. Бу қишлоқ хўжалиги учун қийин давр бўлади, зеро барқарор вегетация жараёни шикастланади», — деди иқлимшунос.

Мутахассис 2026 йилда қишлоқ хўжалик соҳаси учун оғир ва синовли йил бўлиши мумкинлигини ҳам таъкидлади.

Аввалроқ «Ўзгидромет» ҳам октябр ойида ҳаво ҳарорати сентябрга нисбатан 6–7 даражага, айрим шимолий ҳудудларда эса 8–9 даражага пасайиши мумкинлигини маълум қилган эди.