Financial Times нашри ёзишича, Европа Иттифоқи давлатлари 19-санкциялар пакети доирасида Россия дипломатларининг иттифоқ ҳудудида эркин ҳаракатланишини чеклаш бўйича келишувга келган.
Мазкур ташаббус Чехия томонидан илгари сурилган бўлиб, унга кўра Европа мамлакатларида хизмат қилаётган Россия дипломатлари қабул қилувчи давлат чегарасини кесиб ўтишдан олдин бошқа мамлакат ҳукуматларини ўз саёҳат режалари ҳақида олдиндан хабардор қилиши шарт бўлади.
Дастлаб бу таклифга Венгрия қарши чиққан эди, аммо кейинчалик у ҳам ўз ветосини қайтариб олди. Шу билан ЕИнинг барча аъзолари ушбу чораларни санкциялар пакетидан жойлашга розилик билдирган.
Европа разведка хизматлари маълумотларига кўра, Россия дипломатик мақоми остида фаолият юритувчи айрим шахслар амалда «жосуслик фаолияти» билан шуғулланади ва кўпинча бошқа мамлакатлардаги операциялар ёки активларни бошқаради.
«Улар бир жойда туриб, бошқа жойда иш олиб боради. Аммо чегарани кесиб ўтганда уларни кузатиш анча қийинлашади», — деган Европа Иттифоқининг юқори мартабали дипломати.
Чехия ташқи ишлар вазири Ян Липавский ҳам бу чора «Вена конвенцияси доирасидаги ўзаро принципларга мос равишда амалга оширилиши лозимлигини» таъкидлаган. Унинг фикрича, «Россия учун Шенген йўқ, шунинг учун Испанияда аккредитация қилинган дипломатнинг истаган вақтда Прагага келишини маъқуллаш мантиқан тўғри эмас».
Чехия бундан аввал ҳам Россия дипломатларининг ЕИ ҳудудида ҳаракатини чеклашни таклиф қилган ва бу масалани ёздаги санкциялар муҳокамасига киритган эди.