Саида Мирзиёева Қорақалпоғистонда «Саломатлик марафони» билан танишди

12:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Нуқусда ўтказилаётган «Саломатлик марафони» жараёнларини кўздан кечириб, тиббий кўриклар ва янги лойиҳалар билан танишди.

Saida

Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюриб, «Саломатлик марафони» тадбирлари қандай ташкил этилаётганини ўрганди. Бу акция аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш, касалликлар профилактикаси ва соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишга қаратилган.

Марафон доирасида Нуқус шаҳридаги 12 та оилавий поликлиника ҳамда 3 та жамоат масканларида аҳолига бепул тиббий кўриклар ўтказилмоқда. Шу билан бирга, беморларни йўналтириш ва хизматларни рақамлаштириш тизими ҳам жорий этиляпти.

Шифокорлар фаолиятида AI TOP-3 CDSS, MuxlisaMED AI ва AI Mammo каби сунъий интеллект ечимларининг қўлланилиши тиббий хизматни тезкор ва аниқ бажариш имконини бермоқда. Ташриф давомида Мирзиёева Қорақалпоғистон тиббиёт институти болалар жарроҳлиги бўлимида мураккаб операциялар ўтказилган кичик беморлар билан суҳбатлашди. Уларнинг жасорати ва табассуми ҳамманинг қалбини жунбушга келтирганини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, марафоннинг мақсади — инсонларни ўз соғлиғига эътиборни кундалик ҳаёт тарзига айлантиришга ундашдир. «Атиги тўрт кунда 12 минг нафар фуқаро кўрикдан ўтди, шулардан 1 700 нафари чуқур текширувдан ўтказилди, 116 нафар бемор даволанишга йўналтирилди», — деди у.

Тадбир доирасида икки янги лойиҳа ҳам ишга туширилди. «Оилавий саломатлик мактаби» дастури рақамли оилавий паспорт тизимига асосланган бўлса, «Саломатлик волонтёрлари» ёшлар кўмагида аҳоли тиббий саводхонлигини оширишни кўзлайди.

Саида Мирзиёева «Тиббиёт новаторлари» жамоасига миннатдорлик билдириб, «миллат саломатлиги — барчамизнинг умумий масъулиятимиз» эканини таъкидлади.