Samsung соғлиқни сақлаш тизимидаги янги қурилмани яратди

12:45 | 2 дақиқада ўқилади.

Компания сунъий интеллект ва инновацион ҳамкорлик орқали юрак ва мия саломатлигини назорат қиладиган қурилмаларни яратмоқда.

Samsung

Samsung Electronics замонавий соғлиқни сақлаш соҳасидаги муҳим муаммоларни ҳал этиш учун кийиладиган технологиялар ишлаб чиқди.

Компания яратган смарт соат орқали инсон организмидаги «чап қоринча систолик дисфункцияси» (LVSD) каби оғир касалликларни илк босқичда аниқлаш имкони яратилди. Бу юрак етишмовчилиги ҳолатларининг 50 фоизи билан боғлиқ бўлиб, айрим саратон турларидан ҳам хавфли ҳисобланади.

Технология «Medical AI» компанияси билан ҳамкорликда яратилган сунъий интеллект алгоритмлари асосида ишлайди. Унинг клиник самарадорлиги Кореянинг 100 дан зиёд шифохонасида 120 минг бемор мисолида синовдан ўтган. Жанубий Корея Овқат ва дори хавфсизлиги вазирлиги томонидан расман тасдиқланди.

Шунингдек, Samsung Ханян университети билан ҳамкорликда мия фаолиятини ўрганувчи янги ЭЭГ (мия фаолияти ёзуви) синов намунасини ишлаб чиқди. Қулоқ атрофига жойлаштирилган бу қурилма инсон онг фаолиятини лабораториядан ташқари шароитда ҳам аниқ кузатиш имконини беради. У уйқучанликни реал вақтда аниқлаш ва инсоннинг видео контентга бўлган қизиқишини 92,8 фоиз аниқлик билан таҳлил қилиш қобилиятини намойиш этди.