Давлат активларини бошқариш агентлиги «Шарғункўмир» акциядорлик жамиятидаги 99,35 фоиз давлат улушини хусусийлаштириш жараёни бошланганини маълум қилди. Савдолар очиқ тарзда ўтказилиб, унда маҳаллий ва хорижий инвесторлар иштирок этиши мумкин.
Агентлик маълумотига кўра, «Шарғункўмир» — мамлакатдаги етакчи кўмир қазиб олувчи корхоналардан бири бўлиб, у Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида жойлашган. Компания йилига тахминан 900 минг тонна тошкўмир қазиб чиқаради ҳамда ўзининг темирйўл тармоғи ва бойитиш фабрикасига эга.
Корхона қазиб олаётган кўмир CC маркасига киради, унинг ёниш қуввати юқори, кукун таркиби эса 30 фоизгача. Унинг умумий захираси 38,6 млн тонна деб баҳоланган, шундан 31,5 млн тоннаси А, B ва C1 тоифаларига, 7,1 млн тоннаси эса C2 тоифасига киради.
Хусусийлаштириш жараёнида консултант сифатида Alkes Research компанияси фаолият юритмоқда — у шунингдек «Бойсункўмир» савдоларига ҳам ҳамроҳлик қилмоқда. Аризаларни топшириш учун инвесторлар ўз компанияси, акциядорлар, молиявий ҳисоботлар ва манфаатдор шахслар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши лозим.
Ҳужжатлар ўзбек, рус ёки инглиз тилларида Тошкент вақти билан 14 ноябрь соат 23:59 гача қабул қилинади. Талабгорлар молиявий барқарорлик ва халқаро санкциялар рўйхатларида бўлмаслик шартларига жавоб бериши керак.
Кейинги босқичга ўтган иштирокчилардан 1 фоиз миқдоридаги кафолатли тўлов (закалат) тўланиши талаб этилади. Уларга сотиб олиш шартлари ва корхонани кейинги фаолиятга тайёрлаш бўйича келишув тақдим этилади.
Агентлик «Шарғункўмир» ва «Бойсункўмир»ни хусусийлаштириш бўйича маслаҳатчиларни жорий йил июнида танлаган эди. Август ойида «Бойсункўмир» учун савдолар бошланиб, тўртта инвестордан ариза келиб тушган.