Сохта ДХХ ва Президент администрацияси ходими қўлга олинди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкентда ўзини давлат идоралари ходими сифатида таништириб келган эркакнинг сохта ҳужжатлари фош этилди ва озодликдан маҳрум қилинди.

Dxx

Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида 33 ёшли Жавоҳир Орифжонов номли шахс йўл қоидаларини бузгани учун йўл-патрул хизмати ходимлари томонидан тўхтатилганда ўзини Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) ходими сифатида таништирган. Бу ҳақда шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси маълум қилди.

ЙПХ инспекторлари ҳужжатларни текшириш жараёнида унинг кўрсатган хизмат гувоҳномаси қалбаки эканини аниқлаган. Текширув натижасида Орифжоновнинг ДХХга ҳеч қандай алоқаси йўқлиги маълум бўлган.

У ўзини нафaқат ДХХ, балки Президент администрацияси ва бошқа давлат идоралари ходими сифатида таништириб келган. Шу йўл билан турли шахсий ишларни ҳал этишга уринган ва олдиндан тайёрланган сохта гувоҳномалардан фойдаланган.

Ҳатто у йўл-патрул ходимларига «юқори лавозимли таниши» орқали қўйиб юборишни илтимос қилган ва телефон орқали сўздаги «мансабдор» билан боғланишга уринган. Аммо тезкор текширув натижасида бу гаплар ҳам сохта экани фош бўлган.

Суд қарорига кўра, Жавоҳир Орифжонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари ҳамда 3-қисмига мувофиқ айбдор деб топилиб, 3 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилди. Жазо манзил-колонияда ўталади.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган бўлса, яқиндаги Ички ишлар бўлимларига ёки 102 рақамига мурожаат қилишга чақирди.