Туркий давлатлар абадий дўстлик шартномасини қабул қилади

20:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Габала саммитида Шавкат Мирзиёев туркий давлатлар ҳамкорлигини чуқурлаштиришга қаратилган бир қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

MirziyoyevФото: president.uz

Озарбойжоннинг Габала шаҳрида бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, туркий дунё бирдамлиги ва стратегик ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича қатор таклифлар киритди.

Давлат раҳбари ўз нутқида қатор ташаббусларни илгари сурди:

Минтақавий ва глобал хавфсизлик масалалари бўйича ёндашувларни мувофиқлаштириш мақсадида Самарқандда ТДТ ташқи ишлар вазирлари ва махсус хизматлари раҳбарларининг биринчи қўшма учрашувини ўтказишни таклиф этди;

Стратегик шериклик, абадий дўстлик ва қардошлик тўғрисидаги шартномани тез фурсатда қабул қилишни қўллаб-қувватлади ва Туркий давлатлар ташкилотини 2030 йилгача ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқди;

Туркий давлатларнинг иқтисодий шериклик бўйича Доимий кенгашини тузиш ва унинг Лойиҳа офисини Тошкентда жойлаштиришни таклиф этди;

Янги иқтисодий имкониятлар маконини шакллантириб, Туркий давлатларнинг Саноат альянси, «Туркий яшил йўлаклар» тизими ва «Яшил трансформация» консорциумини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди;

Органик қишлоқ хўжалиги бўйича Экспертлар гуруҳини ташкил этиш ва туркий органик маҳсулотларнинг ягона брендини жаҳон бозорига олиб чиқишни таклиф қилди;

Ўрта коридорни ривожлантириш ва уни Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ҳамда Трансафғон йўлаги лойиҳалари билан боғлашни қўллаб-қувватлади, божхона тартиботини рақамлаштириш ва тарифларни оптималлаштириш муҳимлигини таъкидлади;

Президент саммит якунида Ўзбекистонда Туркий давлатлар халқаро университети ташкил этилишини эълон қилди. Янги таълим муассасаси қўшма тадқиқотлар ва инновациялар марказига айланиши кутилмоқда.