Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилишида жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Шу жумладан, «Давлат божи тўғрисида»ги қонуннинг 13-моддасига қўшимча ва ўзгартишлар киритишни назарда тутувчи лойиҳа ҳам кўриб чиқилди. Қонун лойиҳасига кўра, «Ватандош» картасига эга фуқаролар ва уларнинг оила аъзолари миграция ҳамда фуқаролик хизматлари учун давлат божи тўламайди.
Фракция йиғилишида маълум қилинганидек, мазкур қонун лойиҳаси «Ватандош» картаси эгалари ва уларнинг оила аъзолари учун миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасида янада қулай шарт-шароитлар яратишни мақсад қилади. Янги тартибга кўра, улар ушбу хизматлар бўйича айрим давлат хизматлари учун давлат божи тўлашдан озод этилади.
Фракция аъзолари таъкидлашича, бу ташаббус хорижда истиқомат қилаётган ҳамюрткалар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, уларнинг Ўзбекистон билан маънавий ва иқтисодий боғлиқлигини кучайтиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, йиғилишда Сенат томонидан рад этилган «Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги қонун бўйича қўшма келишув комиссиясини тузиш масаласи ҳам муҳокама этилди. Қонунчилик палатаси депутатлари ушбу ташаббусни қўллаб-қувватладилар.
Фракция баёнотида қайд этилганидек, кейинги йилларда ватандошларни тарихий ватан атрофида жипслаштириш, уларнинг юрт билан фахрланиш туйғусини ошириш ва мамлакат ривожига қўшган ҳиссасини рағбатлантириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.