2026 йилдан муддати ўтган товарларни сотиш тақиқланади

17:50 | 3 дақиқада ўқилади.

«Асл Белгиси» тизими орқали муддати тугаган маҳсулотлар автоматик равишда сотувдан чиқарилади.

Usul

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 октябр куни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиришга қаратилган қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги ҳузуридаги ҳуқуқий ахборот канали хабар берди.

Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 мартдан бошлаб мамлакатда сотилаётган товарларнинг яроқлилик муддати рақамли маркеровка орқали қатъий назоратга олинади. Агар маҳсулотнинг муддати тугаган бўлса, унинг сотилиши «Асл Белгиси» ахборот тизими томонидан автоматик равишда чекланади.

Шунингдек, cавдо нуқталарда товар штрих-коди сканер қилинганда, агар маҳсулотнинг муддати ўтган бўлса, касса аппарати чек чиқармайди ва сотув амалга ошмайди. Бу орқали бозорда сифатсиз ёки хавфли маҳсулотларнинг тарқалиши олди олиниши кутилмоқда.

2025 йил 15 октябрдан 2027 йил 1 январигача нодавлат нотижорат ташкилотларни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жараёнларига жалб этиш бўйича тажриба синови ўтказилади. Уларга назорат харидлари амалга ошириш ва дўконларга «махфий харидор» юбориш ҳуқуқи берилади.

Бундан ташқари, истеъмолчиларнинг мурожаатларини самарали кўриб чиқиш мақсадида «истеъмолчи — тадбиркор — нодавлат нотижорат ташкилоти — давлат органлари» занжири асосида янги тизим яратилади. Ушбу тизимни жорий этиш 2024 йил 1 декабрдан бошланиши режалаштирилган.

Мазкур чоралар мамлакатда соғлом рақобат муҳитини ривожлантириш, фуқароларнинг хавфсиз маҳсулот истеъмол қилиш ҳуқуқини таъминлаш ва бозорда шаффофликни оширишга хизмат қилади.