Атом станциялари хавфсизлиги бўйича янги талаблар тасдиқланди

21:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Атом электр станцияларида хавфсизлик таҳлилини амалга ошириш тартибини белгилайдиган янги меъёрий ҳужжат кучга кирди.

Atom

Адлия вазирлиги 2025 йил 8 октябрда «Атом электр станцияси блокининг эҳтимолий хавфсизлик таҳлилига қўйиладиган талаблар»ни давлат рўйхатидан ўтказди.

Мазкур талаблар атом электр станцияларини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилишда хавфсизлик даражасини баҳолаш бўйича ягона мезонларни белгилайди. Эҳтимолий хавфсизлик таҳлили орқали блокнинг ишончлилиги, техник хавфлар ва оғир авариялар эҳтимоли ҳисобланади ҳамда уларни норматив чегаралар билан таққослаш имкони яратилади.

Таҳлил натижалари станция хавфсизлигини таъминлаш бўйича устувор чораларни белгилаш, тизимларни модернизация қилиш таъсирини баҳолаш, шунингдек, назорат ва текширув ишларини режалаштиришда қўлланилади. Шу орқали лойиҳавий ва лойиҳадан ташқари авариялар учун бошланғич ҳодисалар рўйхати шакллантирилади.

Қонунга кўра, эҳтимолий хавфсизлик таҳлили натижаларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилиши мумкин:

Хавфсизлик учун муҳим бўлган атом электр станцияси блоки тизимларининг ишончлилигини баҳолаш;
Назорат ва текширув ишларини режалаштириш ва баҳолаш;
Лойиҳавий авариялар учун бошланғич ҳодисалар рўйхатини асослаш;
Лойиҳадан ташқари авариялар рўйхатини асослаш.

Эҳтимолий хавфсизлик таҳлилини ўтказиш учун атом электр станциясини эксплуатация қилувчи ташкилот масъул ҳисобланади.