Жиззах вилояти Фориш туманида қурилаётган атом электр стансияси (АЕС) майдонида тайёргарлик ишларини Enter Engineering компанияси амалга оширмоқда. Бу ҳақда АЕС қурилиши дирекцияси раҳбари Абдужамил Калмуратов Spotuz’га маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Enter Engineering компанияси қурилиш-монтаж базасини барпо этмоқда. Ушбу база доирасида бетон аралаштириш узеллари, қурилиш материаллари омборлари ва монтаж учун зарур инфратузилмалар ташкил этилади. Компания танлов асосида жалб қилинган бўлиб, у Ўзбекистондаги энг йирик қурилиш ташкилотларидан бири ҳисобланади.
Калмуратов таъкидлашича, «ядровий орол» деб аталувчи асосий реактор ҳудудларидаги қурилиш ишлари Россиянинг махсус компаниялари томонидан амалга оширилади. Чунки лойиҳа бош пудратчиси сифатида Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси масъул ҳисобланади.
Шу билан бирга, маҳаллий компаниялар ҳам субпудратчи сифатида фаолиятга жалб этилиши режалаштирилган. Ҳозирча Enter Engineering фақат тайёргарлик босқичидаги ишлар билан шуғулланмоқда, асосий қурилиш ишлари учун ҳеч қандай шартнома имзоланмаган.
АЕС қурилиши дирекцияси раҳбарининг таъкидлашича, иш жараёнларини тўлиқ назорат қилиш, ишчи ва пудратчилар билан доимий мулоқот ўрнатиш чоралари кўрилган. Унинг фикрича, бу муносабатлар ишчи хақи ва шартнома билан боғлиқ муаммоларни олдини олишга хизмат қилади.
Ўзбекистон томони «Росатом»нинг «Атомстроекспорт» шўба ташкилоти орқали амалга оширилаётган субпудратчилар танловига аралашмайди. Илгарироқ «Росатом» вакили Виталий Пакерманов ҳам лойиҳада «Ўзатом» агентлиги, АЕС дирекцияси ва Enter Engineering иштирок этаётганини маълум қилган эди.