Фарғонада трансчегаравий наркогуруҳ аъзолари қўлга олинди

11:40 | 3 дақиқада ўқилади.

Данғара туманида опий наркотик моддасини яширинча олаётган шахслар қўлга тушди — уларнинг хориж билан боғлиқ наркогуруҳ экани маълум бўлди.

Narko

Фарғона вилоятининг Данғара туманида Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ва Божхона қўмитаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида йирик миқёсли трансчегаравий наркогуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Маълумотларга кўра, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари Қўқон–Тошкент автомагистрали ёнидаги дала еридан кўмилиб яширилган опий моддасини олаётган уч нафар шахсни ушлаган. Улардан бири — илгари гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноят учун жавобгарликка тортилган 28 ёшли аёл бўлиб, гуруҳнинг фаол иштирокчиси бўлган.

Суриштирув давомида ушланганларнинг барчаси халқаро миқёсда фаолият юритувчи наркогуруҳ аъзолари экани, уларнинг қўшни Тожикистон ва Қирғизистонда ҳам шериклари мавжудлиги аниқланди.

Тадбир вақтида жами тўрт килограмм опий гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида мусодара қилинди. Ҳозирда уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 246 ва 273-моддалари 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ички ишлар вазирлиги маълумотича, айни пайтда қолган гуруҳ аъзоларини қўлга олиш бўйича тезкор тадбирлар давом этмоқда.

Аввароқ Истанбулда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятда гумон қилинаётган олти нафар Ўзбекистон фуқароси маҳаллий полиция томонидан қўлга олинган эди. Қайд этилишича, қўлга олинганлар орасида «Жасмин» номи билан танилган блогер ҳам бор.