Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи, италиялик мутахассис Фабио Каннаваро Кувайтга қарши бўладиган ўртоқлик учрашуви арафасида матбуот анжумани ўтказди. Унда у жамоа тайёргарлиги, тактик ёндашув ва маҳаллий мутахассислар билан ишлаш жараёни ҳақида фикр билдирди.
Каннаваро ҳар бир ўйин — ҳатто ўртоқлик учрашуви ҳам жиддий тайёргарликни талаб қилишини таъкидлади. «Футболчи ёки мураббий бўлишингиздан қатъи назар, ҳар бир баҳсга максимал тайёргарлик билан чиқиш шарт. Мен доимо шогирдларимдан шуни талаб қиламан», — деди у.
Мураббий жамоага бу йиғин учун чақирилган барча футболчилардан фойдаланишни режалаштираётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги таркибдаги ўйинчилар жисмоний ва руҳий жиҳатдан энг яхши ҳолатда.
«Ҳар бир футболчи билан шахсан суҳбатлашамиз. Тайёр бўлганлар майдонга тушади», — деди Каннаваро.
Журналистлар саволларига жавоб берар экан, Каннаваро яқинда жамоага чақирилган Азизжон Турғунбоев ва Умар Эшмуродов ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, уларнинг сўнгги ўйинларини кузатиб, жамоага чақириш зарур деб ҳисоблаган. Бироқ икки нафар футболчи ҳозирча жароҳат олган.
Каннаваро маҳаллий мутахассис Тимур Кападзе билан ишлаш жараёни ҳақида ҳам фикр билдирди.
«Биз ҳар куни биргаликда ишлаяпмиз. Фалсафамиз ўхшаш, у ўзбек футболида катта тажрибага эга. Менда маҳаллий мураббийлар билан ишлашда ҳеч қандай муаммо йўқ. Ҳатто яқин вақтда яна бошқа маҳаллий мутахассисларни ҳам жалб қилишимиз мумкин», — деди италиялик мутахассис.
Бош мураббий жамоанинг тактик схемаси ҳақида сўз юритар экан, 3 та марказий ҳимоячи билан ўйнаш усули ҳужумни тез бошлаш имконини беражагини таъкидлади.
«Мен учун муҳим нарса — 11 нафар футболчининг бир-бирини тушуниши. Фаолиятим давомида кўплаб буюк мураббийлар билан ишладим ва улардан катта тажриба олдим», — деди Каннаваро.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 9 октябр куни Кувайт, 13 октябрда эса Уругвай билан ўртоқлик ўйинларини ўтказади.