Криштиану Роналду тарихдаги илк миллиардер футболчига айланди

15:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Bloomberg маълумотларига кўра, португалиялик юлдуз футболчи Криштиану Роналдунинг мол-мулки 1,4 млрд долларга етди — у футбол тарихидаги биринчи миллиардерга айланди.

Ronaldo

Португалия терма жамоаси ва Саудиянинг «Ан-Наср» клуби ҳужумчиси Криштиану Роналдунинг умумий бойлиги 1,4 млрд долларга деб баҳоланди. Бу ҳақда Bloomberg Billionaires Index маълум қилди.

Агентлик маълумотларига кўра, 40 ёшли Роналду июнь ойида «Ан-Наср» билан умумий қиймати 400 млн доллардан ортиқ янги шартнома имзолаган. Шу билан у тарихдаги биринчи футболчи-миллиардер сифатида қайд этилди.

2002–2023 йиллар орасида Роналду футболдан 550 млн доллардан зиёд даромад топган. У Nike билан 10 йиллик шартнома имзолаб, йилига тахминан 18 млн доллар ишлаб топади. Шунингдек, Armani ва Castrol каби йирик брендлар билан ҳамкорлик унинг молиявий аҳволини яна 175 млн долларга оширган.

2023 йилда Саудияга ўтиши футболчининг энг даромадли босқичига айланди. «Ан-Наср» билан тузилган келишув унга йиллик 200 млн доллар атрофида маош ва бонуслар келтирмоқда. Бундан ташқари, Роналду 30 млн доллар имзолаш бонуси ва бир қатор қўшимча имтиёзларга ҳам эга бўлди.

Роналду профессионал карьераси давомида «Спортинг» (Лиссабон), «Манчестер Юнайтед», «Реал Мадрид» ва «Ювентус» жамоаларида ўйнаган. У беш марта Чемпионлар лигасида, уч марта Англия чемпионатида, шунингдек Испания ва Италия чемпионатларида ғолиб бўлган.

Португалия терма жамоаси сафида у 223 ўйинда 141 гол урган, 2016 йилда Европа чемпиони, шунингдек икки марта УЕФА Миллатлар лигаси ғолиби бўлган.