Марказий банк 2025 йилнинг октябрь ойидан бошлаб Ўзбекистонда мавжуд ломбард ва микромолия ташкилотлари бозори ставкаларини эълон қила бошлади. Август ҳолатига кўра, ломбардларда микроқарзларнинг ўртача йиллик ставкаси 97,1 фоиз, микромолия ташкилотларида эса жисмоний шахсларга берилган микроқарзларнинг ўртача ставкаси 54,8 фоизни ташкил қилади. Айрим ломбардлар эса йиллик 109,5 фоизга етувчи ставкалар билан ишламоқда — бу банклардаги микрозаймлар ставкасидан 2–3 баробар юқори.
Аксарият ломбардларда йиллик ставка 90 фоиздан баланд
Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ҳозир 90 та ломбард расмий рўйхатга олинган. Энг паст ставка таклиф қилаётган ломбард — «Swift кредит» бўлиб, ундаги йиллик микроқарз фоизининг ўзи ҳам 60 фоизни ташкил этади. Лекин ломбардларнинг катта қисми йиллик 90 фоиздан ошган ставкалар билан ишламоқда. 23 та ломбард эса 109,5 фоиз ставкада микроқарз бераётгани қайд этилган.
Микромолия ташкилотларида (МКТ) эса жисмоний шахсларга берилаётган микроқарзларнинг ўртача ставкаси 54,8 фоиз, айрим МКТларда бу кўрсаткич 80 фоиз ёки ундан юқори даражага чиқади.
Банк ва молия соҳасида эксперт Ёдгор У. LinkedIn тармоғига жойлаган постида ломбардлар ажратаётган пулни “қарз домига олиб борадиган йўл”, деб атади.
«… рақамларнинг ўзи вазият нақадар оғир эканини кўрсатмоқда. 2025 йил август ҳолатига эълон қилинган графикларни таҳлил қиламиз: ломбардлар: ўртача ставка йилига 97,1 фоиз. Айрим ломбардлар микроқарзларни 109,5 фоизга беришмоқда. Бу шок кўрсаткич. Аналогия: Агар Марказий банкнинг асосий ставкаси молиявий «уй»нинг пойдевори бўлса (ҳозирда 14 фоиз), 109,5 фоиз — бу пойдевор устидаги ўн қаватли пентҳаус, у бутун конструкцияни қулатиши мумкин. Ломбард — бу «охирги нажот» кредитори, аммо бундай нарх — қарз домига олиб борадиган йўл, деб ёзган у.
Юридик шахслар учун МКТ ставкалари ўртача 47,6 фоиз атрофида. Таққослаш учун: банклар бозорида микрозаймларнинг ўртача йиллик ставкаси Марказий банк маълумотига кўра 33,7 фоиз. Бу маълумотлар — банк ва нобанк секторидаги ставка бўйича тафовут жуда катта эканини кўрсатади.
«Банк ва нобанк бозорлари ўртасидаги фарқ — бир ярим уч баравар! Бу тафовут (33,8 фоиздан 109,5 фоизгача) — молиявий ресурсларга тенг бўлмаган имконият ва «икки хил бозор»нинг шаклланаётганидан далолат беради! Паст даромадли одамлар, «тез пул»га муҳтож бўлгани учун, ушбу тузоққа тушиб қолади. Натижада ривожланиш ўрнига молиявий қулаш юз беради.
Нобанк секторидаги юқори ставкалар — бу шунчаки маржа масаласи эмас, бу ижтимоий масъулият ва мамлакат молиявий барқарорлиги масаласи. Аҳолининг бир қисмини адолатли молиялаштириш имкониятидан маҳрум қилиб, «қарз қуллигига» тушиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди, деб ёзди Ёдгор У.
Унинг постига жавоб қайтарар экан, одамларни қарздан ҳимоя қилган яхшими ёки очликдан дея савол қўйди LinkedIn фойдаланувчиларидан бири.
«Бозорнинг кўринмас қўли ҳамма нарсани тартибга солади. Банклар ва микромолия ташкилотлари турли хил мижозларга эга. Микромолия ташкилотлари банклар томонидан рад этилганларга кредит беради. Хатарлар юқори шунинг учун фоиз ставкалари ҳам юқори. Ва патернализм ҳақида. Агар банкда бўлмаганларнинг кредити йўқолса баъзи одамлар ойлик кунгача кун кўра олмай, оч қоладилар. Қайси қадрият юқорироқ одамларни қарздан ҳимоя қилишми ёки очликдан ҳимоя қилишми?»
Юқори ставка нимадан келиб чиққан?
Банк ва молия соҳаси мутахассиси, Bankers.uz нашри асосчиси Исмоил Туропов нима сабабдан ломбард ва микромолия ташкилотларида фоиз ставкалари бунчалик баланд эканини тушунтирди.
«Бу биринчи ўринда ресурс масаласи билан боғлиқ. Микромолия ташкилотларининг ўзи ҳам банклардан олган кредитлари ёки инвестордан жалб қилган маблағлари ҳисобидан кредит ажратади. Бунда кредит ставкаси маълум даражада яна ошади.
Иккинчидан, риск масаласи бор. Ломбард ва микромолия ташкилотлари одатда, банкдан рад жавоби олган мижозларга кредит ажратади. Уларда ҳам КАТМ ва скорингдан ўтказиш амалиёти бор, аммо улар мижознинг қарзни тўлай олиш қобилиятини иложи борича юқори баҳолашга ҳаракат қилади ва бу таваккалчилик учун яна фоиз ставкасини оширишга тўғри келади. Албатта, бу жараённи Марказий банк тартибга солади, бунда тўғридан-тўғри фоизларнинг юқори чегарасини чеклаш билан эмас, бошқа продунциал методларда фойдаланади», — деди Исмоил Туропов.
Маълумот учун, «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, ломбард ва МКТларга жисмоний шахсга кредит (микроқарз) бериш шартномаси бўйича йиллик қарз миқдорининг ярмидан кўпини ташкил этадиган суммада фоизлар ҳисоблаш, воситачилик ҳақлари ва неустойка (жарима, пеня) ундириш, жавобгарликнинг бошқа чораларини қўллаш мумкин эмас.
Ломбардлар йиллик ставкани яширмоқда
Vaqt.uz журналисти 109,5 ставкада микроқарз ажратаётган бир нечта ломбард ташкилотлари билан боғланиб, улардаги микроқарз олиш шартлари ва фоиз ставкаларини суриштирди. Қўнғироққа жавоб берган ломбардларнинг барчасида ходимлар микроқарз бўйича маълумот берар экан, унинг фақат ойлик фоизинигина маълум қилди. Масалан, 109,5 фоиз йиллик ставка ойлик 9,1 фоиз деб айтилмоқда. Бу эса микроқарз ставкаларини жозибадор қилиб кўрсатиши мумкин.
«Реклама тўғрисидаги қонун»га кўра, молиявий хизматлар рекламасида молиявий хизматлар кўрсатиш учун шартномаларнинг муҳим шартларини очиб берилиши керак. Молиявий хизматлар рекламаси ёки улар ҳақидаги реклама тарзидаги ахборот фойдаланувчининг ишончини суиистеъмол қилмайдиган ва рекламадан фойдаланувчининг тажрибаси ва билими етишмаслигидан фойдаланиш ниятини кўзламайдиган усулда тақдим этилиши лозим.
Шунингдек, «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, истеъмолчилар нобанк кредит ташкилотларидан хизмат тўғрисида, шунингдек истеъмолчилар хизматни кўрсатувчи ташкилот ҳақида тўғри ва тўлиқ ахборот олишга ҳақли. Микромолия ташкилотлари ва ломбардлар кўрсатиладиган хизматларнинг рўйхати, уларнинг қиймати тўғрисидаги, шу жумладан кредитнинг (микроқарзнинг) тўлиқ қийматини ҳисоблаш тартиби, шунингдек хизматлар кўрсатишнинг миқдори ва муддатлари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши керак.
Аҳолининг микроқарзга бўлган талаби ва қарз юки ортиб бормоқда
Марказий банк томонидан 2024 йилги молиявий барқарорлик шарҳида келтирилишича, Ўзбекистонда банкдан кредит олган аҳолининг умумий қарз юки кўрсаткичи ошиб бормоқда. 2024 йилда банклардан кредит олган жисмоний шахсларнинг банк ва банкдан ташқари барча қарзларини инобатга олган ҳолдаги умумий қарз юки даражаси ўртача 34 фоизни ташкил этган.
2024 йилда банкдан қарз олган аҳоли орасида умумий ДСТИ (қарз олувчининг даромадидан кредитни сўндиришга йўналтириладиган улуши) кўрсаткичи 50 фоиздан юқори қарздорларга тўғри келадиган кредитлар ҳажмининг улуши 40 фоизга етган.
2024 йилда микроқарз олган жисмоний шахсларнинг банк ва банкдан ташқари барча мажбуриятлари бўйича ўртача ДСТИ кўрсаткичи 34 фоизни ташкил этди. Микроқарз олувчиларнинг қарз юки даражаси ипотека ёки автокредит олувчилар қарз юкига нисбатан пастроқ шаклланган бўлса-да, унинг ўсиш суръати тезлашган. 2024 йил 1 июлдан бошлаб микроқарз олувчилар бўйича қарз юки талабининг енгиллаштирилганлиги ДСТИ кўрсаткичининг ортишида ўз ифодасини топган.
«2025 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, тижорат банкларидан микроқарз олувчилар сони қарийб 2,3 млн кишини ташкил этиб, 2024 йилнинг мос ҳолатига нисбатан 37 фоизга ошган. Шунингдек, микроқарзлар бўйича ҳар бир қарз олувчига тўғри келадиган шартномалар сони 1,5 тадан 1,7 тагача ортган. Бу эса, аҳолида ортиқча қарз юкининг пайдо бўлиши билан боғлиқ хавотирларни кучайтирмоқда», — дейилади Марказий банк шарҳида.
Моҳинур Ғаниева тайёрлади.