BBC тахлилига кўра, инвесторлар хавфсиз активларга юзланиши натижасида олтин бозори 1970-йиллардан бери кузатилмаган даражада ўсди. АҚШ президенти Доналд Трамп томонидан жорий этилган бож сиёсати ва ҳукуматнинг икки ҳафталик шатдауни глобал савдодаги ноаниқликни кучайтириб, қимматбаҳо металга талабни оширди.
Олтин анъанавий равишда иқтисодий инқироз ёки бозор тебранишлари пайтида ўз қийматини сақлаб қолувчи «хавфсиз пана» сифатида кўрилади. Бу гал ҳам инвесторлар капиталини ҳимоя қилиш мақсадида олтинга йўналтирмоқда. Шунингдек, марказий банклар ҳам АҚШ активларига қарамликни камайтириш учун йил давомида минг тоннага яқин олтин сотиб олган.
Буюк Британия банки сунъий интеллект соҳасидаги технологик компаниялар қиймати «қиймати ҳақиқий иқтисодий асосдан юқори даражага чиққанини»ни билдириб, молия бозорларида кескин пасайиш хавфини таъкидлади. Бу огоҳлантириш ҳам инвесторларни хавфсиз активларга — жумладан олтинга — мурожаат қилишга ундади.
«АҚШдаги ҳукумат фаолиятининг тўхташи олтин учун қулай муҳит яратмоқда. Бунга ўхшаш ҳолат 2019 йилда ҳам кузатилган — ўшанда олтин нархи бир ой ичида 4 фоизга ўсган эди», дейди OCBC банки таҳлилчиси Кристофер Вонг.
UOB банки мутахассиси Хенг Кун Хау эса олтин нархининг сўнгги бир ойдаги ўсиши таҳлилчилар кутганидан анча юқори бўлганини айтди. Унга кўра, долларнинг заифлашиши, чакана инвесторлар фаоллиги ва марказий банклар сиёсатининг ўзгариши ушбу рекорд кўтарилишга туртки берди.
Жаҳон Олтин Кенгаши маълумотига кўра, жорий йилда олтинга боғлиқ молиявий маҳсулотларга 64 миллиард доллар сармоя киритилган. Сингапурдаги Silver Bullion компанияси асосчиси Грегор Грегерсен ҳам олтин мижозларининг сони икки баравар ошганини таъкидлади.
Таҳлилчилар фикрича, агар инфляция пасайса ёки сиёсий беқарорлик юмшаса, олтин нархи қисман тушиши мумкин. Бироқ фоиз ставкалари пасайиши ва бозордаги хавфсизлик изланиши давом этар экан, олтин ҳануз «беқарорликка қарши ҳимоя воситаси» бўлиб қолмоқда.
Олтин нархи ошиб бориш фонида Ўзбекистон олтин валюта захиралари қарийб 55 млрд долларга етди.