Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тижорат банкларининг кредит карталари орқали амалга оширилаётган операцияларида фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича Марказий банкка сўров йўллади. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, сўнгги вақтларда мамлакатда аҳоли турмуш даражасини ошириш мақсадида турли шаклдаги кредит турлари жорий этилаётган бўлса-да, айрим банклар кредит карталаридан коммунал тўловлар, таълим, тиббиёт, суғурта ва солиқ тўловлари учун фойдаланганда уларни нақд пул ечишга тенглаштириб, фоиз ва комиссия ундирмоқда.
Бу ҳолат аҳоли норозилигига сабаб бўлди ва фуқаролар томонидан асоссиз комиссиялар юзасидан кўплаб шикоятлар келиб тушмоқда. Шу муносабат билан Қўмита «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг тегишли моддаларига таянадиган ҳолда, Марказий банкдан давлат ва нодавлат тижорат банкларининг фаолиятини ўрганишни сўради.
Сўровда кредит карталари фоиз сиёсати ва тўлов амалиётларини қайта кўриб чиқиш, истеъмолчилар манфаатларини инобатга олган ҳолда уларни мувофиқлаштириш ҳамда асоссиз ундирилган тўловларни қайтариш чораларини кўриш таклиф қилинган.
Рақобат қўмитаси мазкур иш юзасидан қўшимча маълумотлар кейинроқ тақдим этилишини маълум қилди.
Аввалроқ Марказий банк Ўзбекистонда насия савдо бозорини тартибга солиш мақсадида аҳлоқ қоидалари лойиҳасини муҳокамага қўйган эди.