Расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика услубиётлари аудитдан ўтказилади

10:22 | 2 дақиқада ўқилади.

Миллий статистика қўмитаси эндиликда расмий маълумот тайёрловчи идораларнинг статистика услубиётларини режали равишда текшириб боради.

Statistika

Ўзбекистон ҳукумати 2025 йил 6 октябрда қабул қилган 627-сонли қарор билан «Расмий статистикани тайёрловчиларнинг статистика услубиётларини аудитдан ўтказиш тартиби тўғрисида»ги низомни тасдиқлади. Ҳужжатга мувофиқ, статистика услубиётларини баҳолаш ва текшириш ваколати Миллий статистика қўмитасига юкланди.

Низомга кўра, расмий маълумот тайёрловчи ҳар бир ташкилотда статистика услубиётлари беш йилда камида бир марта аудитдан ўтказилади. Бу жараён қўмита томонидан ҳар йили тасдиқланадиган махсус режа-жадвал асосида амалга оширилади.

Аудитнинг асосий вазифалари қаторида фойдаланилаётган статистика услубиётларининг халқаро тавсияларга мослигини баҳолаш, эълон қилинаётган маълумотларнинг ишлаб чиқиш услубиётига мувофиқлигини аниқлаш ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш белгиланган.

Шу билан бирга, Миллий статистика қўмитаси ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йилда қайси идораларда аудит ўтказилиши режасини тасдиқлайди. Бу орқали мамлакатда расмий статистиканинг аниқлиги ва халқаро стандартларга мослиги таъминланиши кутилмоқда.

Низом расмий статистика сифати, ишончлилиги ва шаффофлигини оширишга қаратилган навбатдаги қадам сифатида баҳоланмоқда.