Россиянинг айрим йирик шаҳарларида йўловчилар метрополитенга киришдан олдин электрон қурилмаларини ёқиб кўрсатиши керак бўлади. Янги талаб Екатеринбург ва Санкт-Петербургда амалга киритилди. Унга кўра, телефон, ноутбук ва бошқа техника воситалари ишлаётганини тасдиқлаш учун ёқиб кўрсатилиши лозим.
Екатеринбург метрополитени матбуот хизмати маълум қилишича, бу чора терроризмнинг олдини олиш ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган. «Электрон қурилмалар портловчи ёки тақиқланган моддаларни яшириш воситаси бўлиши мумкин, шу сабаб текширув кучайтирилди», — дейилади баёнотда. Шу билан бирга, қурилмалар ичидаги маълумотлар ҳозирча текширилмайди.
«НеМосква» нашрининг ёзишича, Екатеринбург аҳолиси янги қоидадан норози. Улар ижтимоий тармоқларда «телефони қуввати тугаган одам энди на метрога кира олади, на такси чақириши мумкин», деб шикоят қилмоқда. Бир фойдаланувчи буни «аҳмоқона чора,» деб атади. Чунки қўнғироқ қиламан деса, ўзганинг телефонидан фойдаланишга ҳам жиноий жавобгарлик жорий этилган.
Санкт-Петербургда эса ушбу тартиб август ойида жорий этилган. Бироқ маҳаллий қонунларга кўра, метро ҳудудида розеткадан фойдаланиш тақиқланган, шу боис қуввати тугаган гаджетларга эгалик қилган йўловчиларни киритмаслик ҳолатлари кузатилган.
Бундай текширувлар бошқа шаҳарларда ҳали амалга киритилмаган. Янги қоида Россия Транспорт вазирлигининг 2025 йил 4 февралдаги 34-сонли буйруғига асосан жорий қилинди. Ҳужжатга кўра, қурилмаларни фақат сканер орқали эмас, балки ёқиб текшириш ҳам мажбурий бўлди. Худди шундай талаблар илгари аэропортларда ҳам қўлланила бошланган эди.