Саудия Арабистони Ҳаж ва умра ишлари вазирлиги мамлакатга кириш учун амал қилувчи ҳар қандай виза эгаларига умра ибодатини бажаришга рухсат берди. Бу ҳақда Gulf News нашри хабар берди.
Вазирлик маълумотига кўра, энди Саудия Арабистонига келувчи фуқаролар умрани фақат махсус диний виза билан эмас, балки барча турдаги визалар — шахсий, оилавий, электрон туризм, транзит ёки меҳнат визалари орқали ҳам адо этишлари мумкин.
«Саудия Арабистонига сафар қилиб, умра қилишни ният қилганмисиз? Энди сиз бу ибодатни ҳар қандай амалий виза билан бажаришингиз мумкин», — дейилади вазирлик баёнотида.
Шунингдек, эндиликда умра визасини расмийлаштириш Nusuk Umrah рақамли платформаси орқали онлайн амалга оширилади. Зиёратни режалаштираётганлар интернет орқали тегишли хизматлар пакетини танлаб, ҳужжатларни масофадан расмийлаштириш имкониятига эга бўлади.
Вазирлик таъкидлашича, мазкур қарор зиёратчилар учун маъмурий жараёнларни енгиллаштириш ва диний туризм соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади. Бу қадам мамлакатнинг «Vision 2030» миллий стратегияси доирасида умра ва ҳаж хизматларини рақамлаштириш ҳамда Саудияга келувчи зиёратчилар сонини ошириш режасига мос равишда қабул қилинди.