Тошкентдаги илк метробус (яъни тезкор автобуслар ёки BRT) йўналиши россиялик урбанист Аркадий Гершман эътиборини тортди.
«Метробуслар собиқ иттифоқ ҳудудида ҳайратланарли даражада тез тарқалмоқда — кеча Тошкентда янги йўналиш ишга туширилди. Бу, албатта, трамвай эмас, лекин Тошкент учун олдинга ташланган қадам», — деб ёзади мутахассис.
Гершманнинг таъкидлашича, янги тизимда алоҳида ажратилган йўлак, замонавий «гармошка» автобуслар ва йўл ўртасида озгина кўкаламзорлаштириш мавжуд. Бу эса пойтахтдаги жамоат транспортини самаралироқ қилишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, у айрим техник ва лойиҳавий камчиликларга ҳам тўхталди.
«Бироқ, одатдагидек, муаммо майда деталларда яширинган: майдонлардан биридаги улкан ярим айлана, барча чап бурилишларнинг бекор қилиниши, автобуслар бурилиши учун унутилган кенгайтмалар ва ҳоказо. Шу сабабли, «қандай бўлиши керак?» деган саволга намуна сифатида мен Белгороддаги Шорс кўчасига эътибор қаратишни маслаҳат берардим» — дейди урбанист.
Гершман яқин ойларда Тошкентдаги янги метробус йўналиши тўлиқ ишга тушгач, камералар ўрнатилиб, йўловчи оқими ва ҳаракат тезлиги бўйича маълумотларни кўришга қизиқиш билдирди.