Шовқинга қарши қонун: энди тунги сокинлик соатлари аниқ белгиланди

08:21 | 3 дақиқада ўқилади.

Қонун лойиҳаси икки марта рад этилгандан сўнг учинчи уринишда қабул қилинди. Унда фуқаролар тинчлигини бузиш учун жазо чоралари кучайтирилди.

Tungi shovqin

Ўзбекистонда узоқ муҳокамалардан сўнг фуқароларнинг тинчлиги ва дам олиш ҳуқуқини ҳимоя қилишга қаратилган янги қонун қабул қилинди. «Аҳолини шовқиннинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ҳақида Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.

Tungi shovqin1

Депутатлар бу ҳужжатни аввал икки бор рад этган, чунки айрим моддаларда жавобгарлик ва зарарни қоплаш механизмлари аниқ белгиланмаган эди. Янги таҳрирда эса бу масалалар қайта ишланди: эндиликда фуқароларнинг тинчлигини бузиш орқали етказилган зарар суд орқали қопланади.

Қонунга мувофиқ, тунги сокинлик соатлари қуйидагича белгиланди:

  • иш кунларида — соат 23:00 дан 07:00 гача (аввал 06:00 гача эди);
  • дам олиш ва байрам кунларида — соат 22:00 дан 09:00 гача.

Шу даврда фуқароларнинг тинчлигини бузиш учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилади. Кўп қаватли уйлардаги қурилиш ва таъмирлаш ишлари фақат иш кунларида соат 09:00 дан 18:00 гача рухсат этилади. Агар шовқин даражаси меъёрдан ошса, бундай фаолият вақтинча тўхтатилиши мумкин.

Қонун, шунингдек, меҳнат шароитида шовқин даражаси юқори бўлган ишчиларга қўшимча ҳақ тўлашни ҳам назарда тутади. Бу нормалар меҳнат кодексига мувофиқ амалга оширилади.

Тинчлик соатларини мунтазам бузган объектлар фаолиятини тўхтатиш механизми ҳам аниқ белгилаб қўйилди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур қонун лойиҳаси илк бор 2024 йил июлида биринчи ўқишда қабул қилинган, аммо кейинроқ икки марта қайта ишлаш учун қайтарилган эди.