Tesla компанияси ўзининг энг арзон электромобил вариантларини тақдим этди. Бу ҳақда The Verge нашри хабар берди. Янги «Standard» серияси икки модел — Model 3 седани ва Model Y кроссовери учун мўлжалланган бўлиб, улар учун буюртмалар аллақачон қабул қилина бошланди. Автомобиллар етказиб бериш 2025 йил декабр ойида йўлга қўйилади.
АҚШ бозорида Tesla Model 3 Standard нархи 37 минг доллардан, Model Y Standard эса 40 минг доллардан бошланади. Ҳар икки модел учта рангда — оқ, кулранг ва қора вариантларда таклиф этилмоқда.
Tesla маълумотларига кўра, янги версиялар бир марта қувватланганда тахминан 515 километр масофани босиб ўтиши мумкин. Аккумулятор сиғими қисқартирилган бўлса-да, ишлаб чиқарувчи моделларни «максимал самарадорлик» учун мослаштирганини таъкидламоқда.
Машиналар 15,4 дюймли мультимедиа экрани, Grok овозли ёрдамчиси, олд ўриндиқлар ва рул иситиш тизими билан жиҳозланган. Шу билан бирга, арзонроқ нархни таъминлаш мақсадида Tesla панорамали том, кўзгу йиғиш тизими ҳамда орқа ўриндиқлар учун дисплей каби айрим қулайликларни олиб ташлади.
Reuters’нинг қайд этишича, арзон вариантларнинг жорий этилиши Tesla сотувларини рағбатлантириши кутилмоқда. Сабаби — Европа ва Хитой ишлаб чиқарувчилари билан кучайиб бораётган рақобат ҳамда АҚШда электромобил хариди учун берилаётган солиқ имтиёзларининг бекор қилиниши компания маҳсулотларига талабни пасайтирган.
Tesla раҳбари Илoн Маск 2020 йилда кенг омма учун арзон электромобил ишлаб чиқариш режаларини эълон қилган эди. Кейинчалик у 2023 йил ноябрда 25 минг евролик модел ишлаб чиқарилиши мумкинлигини айтган, аммо 2024 йил баҳорида бу режа роботакси лойиҳаси фойдасига кечиктирилгани маълум қилинган.