Абдулазиз Комилов: «Анъаналаримизга тўғри келмаган насиҳатни қабул қилмаймиз»

19:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистон Европа инсон ҳуқуқлари ташкилотларига доим очиқ, аммо уларнинг маслаҳатлари миллий қадрият ва анъаналарга тўғри келмаса, қабул қилинмайди, дейди Президент маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов.

KamilovФото: Kun.uz

Ўзбекистон Европа инсон ҳуқуқлари ташкилотларига доим очиқ. Бу ҳақда президентнинг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Абдулазиз Комилов«Ўзбекистон 24» телеканалининг Davra подкастида маълум қилди.

Камиловнинг таъкидлашича, Ғарб давлатлари билан мулоқотларда инсон ҳуқуқлари ва демократия масалалари ҳар доим кун тартибида бўлиб келган ва бу йўналишда тўхташ мумкин эмас. У АҚШ ҳозир бу мавзуларни камроқ кўтараётганини қайд этди.

«Демократик жараёнлар давом этаверади, чунки ривожланиш билан бирга янги муаммолар ҳам юзага чиқади. Шунинг учун бу масалаларни муҳокама қилиш тўхтамайди», — деди Комилов.

Президент маслаҳатчиси Европа инсон ҳуқуқлари ташкилотларига мамлакат эшиклари очиқлигини таъкидлади. «Марҳамат, келсин, кўрсин, бизга маслаҳат берсин. Агар бу бизга маъқул бўлса, бирга ишлаймиз. Лекин менталитетимизга ёки анъаналаримизга тўғри келмаса, буни қабул қилмаймиз», — деди у.

Шунингдек, Комилов Тошкент ва Вашингтоннинг кўплаб минтақавий ва глобал масалалар бўйича қарашлари яқинлашиб бораётганини билдириб, АҚШ президенти Дональд Трамп билан Ўзбекистон раҳбариятининг дунёқараши ўзаро уйғунлашаётганини қайд этди.