Ўзбекистон 2025 йилда Европа ва Марказий Осиёдаги энг тез ўсувчи беш иқтисодиёт қаторига киради
Жаҳон банкининг «Европа ва Марказий Осиё иқтисодиёти: бандлик ва фаровонлик» ҳисоботига кўра, Ўзбекистон 2025 йилда минтақадаги энг тез ўсувчи бешта иқтисодиёт қаторига киради. Мамлакат ялпи ички маҳсулотининг ўсиши 6,2 фоизни ташкил этиши кутилмоқда — бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон Қирғизистон, Тожикистон, Гуржистон ва Қозоғистон билан бир қаторда.
Ҳисоботда қайд этилишича, минтақа иқтисодиёти 2025 йилда ўртача 2,4 фоизга ўсади, бу эса 2024 йилдагидан паст. Россия иқтисодиётидаги пасайиш умумий ўсиш суръатини пасайтираётган бўлса-да, Марказий Осиё давлатларида ўсиш барқарор бўлиб қолмоқда — асосан нефть экспорти, пул ўтказмалари ва инвестициялар ҳисобига.
Ўзбекистон иқтисодиётида ўсишни таъминловчи асосий соҳалар — кимё саноати, ахборот технологиялари ва мева-сабзавотчилик. Жаҳон банки бу йўналишларда рақобатбардошлик, энергия тежамкорлик, инфратузилма ва инсон капиталига сармояни оширишни тавсия этмоқда.
5 граммлик олтин қуйманинг нархи 8 млн сўмдан ошди
Марказий банк томонидан сотувга чиқариладиган олтин қуймалар нархи кечагига нисбатан яна 1,5 фоизга ошди. 9 октябрь ҳолатига 5 граммлик олтин қуйма нархи 8 млн 43 минг сўмни ташкил қилмоқда.
5 граммлик олтин қуймалар нархи 1 ҳафта ичида 306 минг сўмга, 1 ой ичида эса 512 минг сўмга ошди. Ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда ўлчовли қуймалар нархи 2 млн 450 минг сўмга ёки 43,8 фоизга ошган. Бу натижа Ўзбекистондаги бошқа инвестиция воситаларига — кўчмас мулк ёки сўмдаги омонатларга нисбатан анча юқори кўрсаткичдир.
Айни дамда олтин нархи дунё бўйича янги рекордни ўрнатишда давом этмоқда. 1 унция олтин нархи 4 минг доллардан ошди.
Тошкент вилоятида сиам эгизаклари ноёб операция орқали ажратиб олинди
Тошкент вилоятида ноёб тиббий амалиёт амалга оширилди — муддатидан аввал туғилган сиам эгизаклар туғуруқдан атиги тўққиз соат ўтиб, маҳаллий шароитда ўта мураккаб операция орқали ажратиб олинди. Амалиёт беш соат давом этган бўлиб, у Республика перинатал маркази қошидаги Неонатал хирургия маркази раҳбари, профессор Бахтиёр Эргашев бошчилигидаги жамоа томонидан ўтказилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, операция Чирчиқ шаҳридаги Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги марказининг Тошкент вилояти филиалида амалга оширилган. Жараён юқори технологик ускуналар ёрдамида бажарилган бўлиб, у маҳаллий тиббиётда кам учрайдиган ҳолат сифатида қайд этилди.
Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худоёровнинг таъкидлашича, «муддатидан аввал туғилган сиам эгизакларни вилоят даражасида муваффақиятли ажратиш — мамлакат тиббиёти янги босқичга кўтарилганининг ёрқин исботи». Операцияда иштирок этган мутахассислар «Ўзбекистон соғлиқни сақлаш аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди. Эгизаклар ва онасининг аҳволи яхши, улар кеча шифохонадан уйига жавоб берилди.
«Шартнома шартлари қонунчиликка мос бўлиши керак» — Марказий банк барча тижорат банкларини огоҳлантирди
Марказий банк тижорат банкларини мижоз ҳуқуқларини чекловчи шартлардан воз кечишга чақирди. Регулятор маълумотига кўра, сўнгги пайтларда айрим банклар кредит шартномаларига мижознинг ахборот олиш ҳуқуқини чекловчи талаблар — масалан, тўлов жадвали ўзгарганда янгиланган маълумотни фақат қарздор сўровига кўра бериш каби тартибни киритаётгани аниқланган.
Марказий банк бу ҳолатни қонунчиликка зид деб баҳолади. «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларга кўра, банклар мижозга хизмат шартлари ва қиймати ҳақида тўлиқ ва тушунарли маълумот беришга мажбур. Истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи бундай шартлар ҳақиқий ҳисобланмайди.
Регулятор таъкидлаганидек, кредит тўловлар жадвали шартноманинг ажралмас қисми бўлиб, ундаги ҳар қандай ўзгариш ҳақида мижоз ўз вақтида хабардор қилиниши шарт. Акс ҳолда, қарздорнинг мажбуриятларни бажармаслиги, ортиқча жарима ва фоизлар ҳисобланиши мумкин. Шу муносабат билан Марказий банк барча тижорат банкларига бундай амалиётларни тўхтатиш ва илгари тузилган шартномалардаги қонунга зид шартларни бекор қилишни талаб қилди.
Шахснинг розилигисиз суратга олиш тақиқланади — янги қонунда қандай истиснолар мавжуд?
Ўзбекистонда қабул қилинган янги қонунга мувофиқ, эндиликда шахснинг розилигисиз уни суратга ёки видеога олиш тақиқланади. Фақат қонун билан белгиланган айрим ҳолатларда — масалан, жамоат хавфсизлигини таъминлаш, қидирувдаги шахсни аниқлаш, давлат органлари хизмат вазифасини бажараётганда ёки қонунбузарлик ҳақида хабар берганда — бу ишга рухсат берилади.
Қонунга кўра, жамоат жойларида умумий жараёнларни акс эттириш мақсадида суратга олиш ҳам мумкин. Шунингдек, агар тасвир очиқ манбаларда жойлаштирилган бўлса ёки ундан ҳамма эркин фойдалана олса, бу ҳам истисно ҳисобланади (аммо тижорат мақсадида фойдаланиш тақиқланади).
Қўшимча тартибларга кўра, видеокузатув камералари ўрнатилган жойларда огоҳлантирув белгиси бўлиши шарт, кийиниш хонаси ёки ҳожатхона каби ҳимояланган жойларда камералар ўрнатиш эса қатъиян ман этилади. Агар шахс розилигисиз унинг шахсий ҳаётига оид тасвир ёки маълумотлар ёзиб олинса ёки тарқатилса, бундай ҳолат учун маъмурий жавобгарлик белгиланган. Шахс ўз розилигини бекор қилиб, тасвирни йўқ қилиш ёки етказилган зарар учун товон талаб қилиш ҳуқуқига эга.