Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш: Президент тизимни янгилаш бўйича вазифалар белгилади

08:19 | 4 дақиқада ўқилади.

Айни пайтда фавқулодда ҳолатларнинг 70 фоиздан зиёди аҳоли хонадонларида юзага келаётгани, бунга сабаб сифатида носоз газ ва электр жиҳозлари, хавфсизлик маданиятига амал қилинмаслиги таъкидланди.

Prezident fvv

Президент Шавкат Мирзиёев фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди. Давлат раҳбари аҳоли хавфсизлигини энг катта неъмат сифатида таъкидлаб, бу соҳада янги ва проактив ёндашув зарурлигини билдирди.

Маълум қилинишича, соҳада 30 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлса-да, ҳозирча фавқулодда вазиятлар муҳофазаси бўйича ягона комплекс дастур мавжуд эмас. Шунингдек, 16 йил олдин қабул қилинган «Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида»ги қонун ҳам замон талабларига жавоб бермайди.

Президент фавқулодда вазиятларни олдиндан баҳолайдиган, тезкор ва рақамли ечимларга асосланган тизим яратиш вазифасини қўйди. Ҳозир профилактика ишлари асосан давлат идоралари томонидан амалга оширилаяпти, аммо фавқулодда ҳолатларнинг 70 фоиздан зиёди аҳоли хонадонларида юзага келмоқда. Сабаб — носоз газ ва электр жиҳозлари, хавфсизлик маданиятига амал қилинмаслиги.

Шу боис тизим фаолияти маҳалла даражасига туширилиб, ҳар бир хонадон ва кўчада хавфсизликни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланди. Президент соҳада рақамли технологиялардан фойдаланиш даражаси паст эканини қайд этиб, фавқулодда ҳолат ҳақида хабар беришдан то уни бартараф этишгача бўлган жараёнларни рақамлаштириш вазифасини юклатди.

Шунингдек, замонавий қутқарув техникаси ва жиҳозларини кўпайтириш, уларни маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди. «Яшил» технологиялар фонида юзага келиши мумкин бўлган янги хавфларни баҳолаш ва уларга қарши мутахассислар тайёрлаш муҳимлиги қайд этилди.

Шу муносабат билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясида дуал таълим тизимини жорий этиш, малака ошириш марказини ташкил қилиш ва илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш вазифаси қўйилди.