Футбол бўйича Жаҳон чемпионати тарихда илк бор тоқ йилда ўтказилиши мумкин

23:50 | 3 дақиқада ўқилади.

ФИФА президенти Жанни Инфантино жаҳон чемпионатларини ёз мавсумида эмас, бошқа вақтларда ўтказиш масаласи муҳокама этилаётганини маълум қилди. Бу ўзгариш турнирни тоқ йилга кўчириши мумкин.

Gianni infantino

ФИФА президенти Жанни Инфантино жаҳон чемпионатларини ёз мавсумида ўтказиш анъанасини ўзгартириш бўйича музокаралар олиб борилаётганини айтди. Бу ҳақда у The Guardian нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

«Гап фақат битта жаҳон чемпионати ҳақида эмас, умумий ёндашув ҳақида кетмоқда. Ҳатто баъзи Европа давлатларида июл ойида футбол ўйнаш жуда иссиқ бўлади. Футбол учун энг қулай ой — июн, лекин у Европада кам ишлатилади», — деди Инфантино.

У октябр ва март ойларини «футбол учун қулай ва ҳар қандай мамлакатда ўйнаш мумкин бўлган ойлар» сифатида тилга олиб, тақвим масаласида очиқ мулоҳаза юритишга чақирди.

Маълумот учун: 2034 йилги жаҳон чемпионатини Саудия Арабистони қабул қилади. The Athletic ёзишича, ушбу мусобақа ҳам 2022 йилда Қатарда бўлгани каби қишда ўтиши мумкин. Бироқ 2034 йилда Рамазон ойи ноябр—декабр ойларига тўғри келаётгани боис, жаҳон чемпионати 2035 йилнинг январига кўчирилиши эҳтимоли бор.

Эслатиб ўтамиз, навбатдаги жаҳон чемпионати 2026 йилнинг июн–июл ойларида АҚШ, Мексика ва Канадада ўтказилади. Агар Саудиядаги турнир 2035 йилга кўчирилса, у ҳолда жаҳон чемпионати тарихда илк бор тоқ йилда ташкил этилади.