Axios нашри журналисти Барак Равиднинг хабар беришича, Ғазо бўйича келишувга Исроил ва ҲАМАС ўртасида амалий равишда эришилган, ҳужжат эса бугуннинг ўзида имзоланиши мумкин. Манба маълумотларига кўра, келишувнинг илк босқичи АҚШ президенти Доналд Трампнинг «тинчлик режаси» асосида амалга оширилаяпти.
Al Mayadeen телеканали манбалари маълумотига кўра, ҲАМАС келишувни расман маъқуллади, унинг имзоланиши жорий ҳафта пайшанба куни Миср пойтахти Қоҳирада бўлиб ўтади. News Nation мухбири Келли Мейер хабарига кўра, келишувнинг биринчи босқичида гаровдаги шахслар ва қамоқдаги маҳкумлар алмашинуви 48 соат ичида амалга оширилади. Шу билан бирга, келишувнинг кейинги босқичлари бўйича музокаралар давом этмоқда.
Трамп бу ҳақда Truth Social тармоғидаги пост орқали шахсан маълум қилди:
«Фахр билан эълон қиламан: Исроил ва ҲАМАС бизнинг тинчлик режамизнинг биринчи босқичини имзоладилар. Бу барча гаровдагилар яқин кунларда озод қилинишини ва Исроил армияси келишилган чизиққача орқага чекинишини англатади. Бу барқарор ва абадий тинчликка қадамдир. Бу — араб ва мусулмон дунёси, Исроил, қўшни мамлакатлар ва Америка учун буюк кун. Биз Қатар, Миср ва Туркиянинг воситачиликдаги хизматларини қадрлаймиз. Бундай тарихий воқеа ҳақиқий бўлди» — деб ёзди АҚШ президенти.
Ушбу келишув Ғазодаги қон тўкилишни тўхтатиш ва минтақа бўйлаб тинчлик жараёнини тиклаш йўлидаги илк амалий қадам ҳисобланади.