Маҳалладаги солиқ инспекторлари самарадорлиги 83,8 баллга етди

14:00 | 3 дақиқада ўқилади.

2025 йил сентябр ойида «Маҳаллаларда солиқ органлари фаолияти» ахборот тизими орқали солиқ инспекторларининг умумий KPI кўрсаткичи 83,8 баллга етди — бу йилдаги энг юқори натижалардан бири бўлди.

Soliq

Ўзбекистонда маҳалла даражасида фаолият юритаётган солиқ инспекторларининг сентябр ойи учун иш самарадорлиги кўрсаткичлари маълум бўлди. Давлат солиқ хизмати маълумотларига кўра, умумий KPI кўрсаткичи 83,8 баллни ташкил этди. Бу натижа тизимдаги иш самарадорлиги ва назорат фаолиятида барқарор ўсиш кузатилаётганини кўрсатади.

Энг юқори кўрсаткичга эга ҳудудлар сирасида Самарқанд вилояти — 87,2 фоиз, Қашқадарё — 86,3 фоиз ва Сирдарё вилояти — 85,7 фоиз билан пешқадамлик қилди. Шу билан бирга, Фарғона ва Андижон вилоятларида ҳам 83 фоиздан ортиқ самарадорлик қайд этилди.

Ҳисоботга кўра, 90 баллдан юқори натижага эришган 747 нафар солиқ инспектори (улардан 249 нафари максимал — 100 балл тўплаган) ой якуни бўйича рағбатлантириш учун тавсия қилинди. Шунингдек, 55–90 балл орасида баҳоланганлар сони 3 301 нафарни, 55 баллдан паст кўрсаткичга эга бўлганлар эса 243 нафарни ташкил қилди.

Маълумот учун, «Маҳаллабaй» тизими орқали ҳозирда мамлакат бўйлаб 9 453 та маҳаллада жами 4 291 нафар солиқ инспектори фаолият юритмоқда. Тизим солиқ тўловчилар билан тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш ва маҳалладаги иқтисодий фаолликни қонуний асосда назорат қилишга хизмат қилмоқда.

Июл ойида мумий KPI кўрсаткичи 67,7 баллни ташкил этган эди.