Маоши кечиккан ҳайдовчилар: пойтахт автобусларида йўлкирадан тушум камайдими?

12:00 | 10 дақиқада ўқилади.

Тошкентда йўловчиларнинг йўл ҳақини тўламай тушиши натижасида автобус ҳайдовчиларининг маош олиши икки ойгача чўзилди, деган тахминлар бор. Vaqt.uz мухбири автобус ҳайдовчилари ва расмийлардан изоҳ сўраб, ҳолатни ўрганди.

Autobus vaqtuz

Ижтимоий тармоқларда пойтахт автобусларидаги тушум 50–73 фоизга камайиб кетгани ҳисобига ҳайдовчилар ойлик ололмаётгани ҳақида маълумот тарқалди. Хусусан, 2025 йил март–сентябр ойларида ўтказилган рейдлар давомида 6 мингдан ортиқ йўл ҳақини тўламаслиги оқибатида жаримага тортилган.

Аммо бу рақамлар ҳар мавжуд ҳолатга реал аниқлик киритиб бера олмайди. Чунки автобуслар ичида йўловчининг йўл ҳақини тўлаган ёки тўламаганини текширадиган аниқ тизим йўқ. Олдингидек, автобус салонларида кондуктор ҳам йўқ. Автобусларда ўрнатилган камералар орқали кимдир ушланиб, ҳамманинг олдида маъмурий жаримага тортилиш ҳолатлари деярли учрамайди. Лазиз Ҳамидовнинг ёзишича, камералар фақат картадан пул ечилган ёки ечилмаганини текширар экан. Марказий бекатларда амалга оширилаётган рейдлар эса жуда кам аҳолини қамраб олади.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида Vaqt.uz мухбирлари автобус ҳайдовчилари билан суҳбатлашди ва мутасаддилариларга айрим саволлар билан мурожаат қилди.

Тошкент шаҳар 5-йўналиш ҳайдовчисига мурожаат қилганимизда (суҳбат сентябр ойи охирида бўлиб ўтган) ҳайдовчи икки ойдан бери ойлик олмаётганини, сабабини ҳеч ким айтмай, эрта, индин деб туришаётганини, лекин йўловчилардан тушаётган тушум камаймаганини таъкидлади. «Бизнинг йўналишда деярли ҳамма йўлкира ҳақини тўлайди», — дея қўшимча қилди у.

7 октябр куни 115-автобус ҳайдовчиси билан суҳбатлашганимизда, у маош тўловларида чиндан ҳам кечикиш бўлгани, бироқ сўнгги кунларда бўлиб-бўлиб тўлаб берилганини таъкидлади.

Номини ошкор қилишни истамаган яна бир автобус ҳайдовчиси йўловчиларнинг тўламай тушиб кетиш ҳолатлари кўпаётганини таъкидлаб, ўзи ҳаракатланаётган йўналишда автобусга чиққан йўловчиларнинг фақат 60 фоизи йўл ҳақини тўлашини айтди. Шунингдек, у бизга автобусда айланиб, йўловчиларни кузатишни таклиф қилиб, шунда масала яхши ойдинлашишини таъкидлади. Унинг яна қўшимча қилишича, ҳайдовчилар тушум учун жавобгар эмас, улар фақат қатновни ўз вақтида амалга оширса бас. Шу сабабли тушумнинг камайгани уларнинг ойлигига таъсир кўрсатиши мумкин эмас экан.

Autobus vaqtuz1

89-йўналиш ҳайдовчисига кўра, йўловчиларнинг йўл ҳақини тўлаш фоизи 75 фоизга тушган. «Тушумларни кўпайтиришнинг ягона йўли — рейд тадбирларини кўпайтириш. Ҳайдовчи йўл ҳақини тўламай тушиб кетаётган йўловчини кўрса ҳам унга, индолмайди. Ҳаттоки бир ҳайдовчи йўловчига «йўл ҳақини тўла», дегани учун ўртада жанжал чиқиб, у ишдан олинди», деди у.

Яна бир ҳайдовчи Йўлдош Маматовнинг фикрича, автобусда эски даврлардагидек, пул йиғувчи лавозими ўрнига назоратчи лавомини жорий этиш керак. Шунда тўлов усули ҳозирги кўринишда сақланиб қолиниб, уни тўлаш мажбурияти қатъийлашади.

Лазиз Ҳамидов эса эски даврдагидек йўлкирани нақд пулларда тўлашга қайтиш яхши фикр эмаслигини таъкидлайди: «Фикримча, бу ўз-ўзидан 1-2 йилда тўлиқ ишга тушиб кетадиган тизим эмас. Балки ҳаммаси ишлаб кетиши учун 5 йил, балки ундан-да кўпроқ вақт зарур бўлар, лекин асло ортга қайтмаслик керак. Нақд пул йиғиш амалиёти бирорта ривожланган давлатда қолмаган. Кўпроқ назорат ва тарғибот қилиш керак», деб ёзади у.

Масалага янада ойдинлик киритиш мақсадида «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ матбуот котиби Муслима Обидова билан боғландик.

М.Обидова ҳайдовчиларнинг маоши нега икки ойга кечиккани ҳақидаги саволга жавоб бермади. Фақат барча ҳайдовчиларга маошлар 2 октябр куни тўлиқ тушириб берилганини маълум қилди. Унинг қўшимча маълум қилишича, «Тошшаҳартрансхизмат» янги брутто шартномаси асосида ишлаб келмоқда. Акциядорлик жамияти ташувчи шартнома шартларига биноан хизмат кўрсатади. Яъни, «босиб ўтилган йўл» ва «сифат» мезонларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилинади, йўловчилардан тушадиган пул тушумларидан эмас.

Йўлкирадан тушумлар камайган ёки камаймагани тўғрисидаги савол билан Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Аширматовга ҳам мурожаат қилдик.

Вазирлик ахборот хизмати раҳбари автобусларнинг кунлик тушумлари камайиб-камаймагани ҳақида маълумот йўқлиги, қолаверса, автобус ҳайдовчиларининг маошининг кечиктирилишини эса бунга умуман алоқаси йўқлиги таъкидлади.

Аширматов келтирган статистикага кўра, 2025 йилнинг январ–сентябр ойларида жами 298 млн йўловчи ташилган. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 68,3 млн нафарга ёки 29,6 фоизга ошишни кўрсатади. Автобус тўловларидан олган тушум эса 467,2 млрд сўм. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 74,2 млрд сўм ёки 18,9 фоизга ошганлигини англатади. Бунда электрон тўловларнинг улуши 99,9 фоизни ташкил қилади.

Ҳайдовчилар  ва расмийлар фикрини эшитгач, ўзимиз ҳам автобусда йўловчи сифатида чиқиб, ҳолатни яқиндан кузатишга қарор қилдик. Ярим соатлик кузатув давомида тахминан ҳар 10 йўловчининг 3 таси йўл ҳақини тўламай тушиб кетаётгани маълум бўлди.

Ҳолат ечим сифатида оқилона тизим, кучайтирилган назорат ўрнатилмас экан, аҳвол ёмонлашса ёмонлашади-ку, лекин яхшиланмайди. Қолаверса, автобусларда йўлкира ҳақини тўлашга чақириқ сифатида узундан узун эълон янграйди: «Ҳурматли йўловчилар, йўл ҳақини тўлашни унутманг. Йўл ҳақини тўламаслик маъмурий жавобгарлик келтириб чиқаради ва жарима қўлланилишига сабаб бўлади», деган. Бундай эълонларни жуда қисқа ва таъсирлироқ қилиш керак. «Йўл ҳақини тўланг. Акс ҳолда, фалон сўм жаримага тортиласиз», қабилида. Бу огоҳлантиришни ҳар бир бекатдан қўзғалиш олдидан эълон қилиш керак.

Меҳриноз Фармонова тайёрлади.