Пайғамбар Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳукмдорларга ёзган мактублари Тошкентда намойиш этилади

08.08.2025 20:40 | 2 дақиқада ўқилади.

Тошкентдаги экспозицияда Рим императори Ҳирақлюсга йўлланган мактубнинг илмий асосланган реконструкцияси ҳам тақдим этилади.

Maktub

7 август куни Ислом цивилизацияси маркази тарқатган маълумотга кўра, Пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) томонидан дунё ҳукмдорларига ёзилган тарихий мактубларнинг папирусга кўчирилган нусхалари Тошкентдаги экспозициядан жой олади. Улар орасида энг эътиборлиси — Рим императори Ҳирақлюсга йўлланган мактубдир.

Марказ хабарида таъкидланишича, ушбу тарихий ҳужжатлар Исломнинг тинчликпарвар ва дипломатик моҳиятини, шунингдек, Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг юксак сиёсий заковати ва инсоний фазилатларини намоён этади.

Ҳирақлюсга йўлланган мактубда Пайғамбар алайҳиссалом императорни Ислом динига даъват қилган ҳамда уни қабул қилса икки карра ажр олишини, рад этса ўз халқининг гуноҳи ҳам унинг зиммасига тушишини билдирган.

Шу билан бирга, экспозицияда Баҳрайн, Эфиопия, Миср, Форс ва Уммон ҳукмдорларига ёзилган мактубларнинг ҳам нусхалари жойлаштирилиши кутилмоқда.