Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 9 октябр куни Тожикистон пойтахти Душанбеда ўтган «Марказий Осиё – Россия» форматидаги иккинчи саммитда стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий барқарорликни биргаликда таъминлашга қаратилган кўплаб ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан:
– биргаликда қабул қилинган қарор ва лойиҳалар ижросини тезлаштириш учун ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш таъсис этишни таклиф қилди;
– товар айирбошлашни кўпайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш жараёнларини енгиллаштириш мақсадида «Марказий Осиё – Россия агроэкспресси» лойиҳасини ишга туширишни таклиф қилди;
– автомобиль, темир йўл ва авиация алоқалари соҳасида миллий дастурларни уйғунлантириш учун мамлакатларимиз Транспорт-логистика контурини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди;
– Бухоро шаҳрида илғор муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга қаратилган «Марказий Осиё – Россия» саноат инжиниринг хабини ташкил этишни таклиф этди;
– Тошкентда ўтказиладиган «Иннопром. Марказий Осиё» кўргазмали форумига минтақанинг асосий саноат ва инновация майдони мақомини бериш таклифи билан чиқди;
– атом энергетикаси йўналишида Минтақавий компетенциялар марказини Ўзбекистонда ташкил этиш, шунингдек, Москва давлат муҳандислик-физика институтининг Тошкент филиали негизида Кадрлар тайёрлаш дастурини қабул қилиш ташаббусини билдирди;
– «Марказий Осиё ва Россия энергетик шериклиги» комплекс дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, углеводородларни қидириш ва қайта ишлаш, энергия тежовчи ва «яшил” технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ташаббусини илгари сурди;
– Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича Минтақавий эксперт кенгашини ташкил этиш, шунингдек, мамлакатларда «Сколково» инновация маркази филиалларини очишни таклиф этди;
– «Келажак муҳандислари» консорциумини тузиб, Марказий Осиё ва Россиянинг етакчи олийгоҳлари ва илмий марказлари салоҳиятини бирлаштириш ҳамда ёш тадқиқотчилар ва олимлар учун Махсус грантлар дастурини таъсис этиш ғоясини илгари сурди;
– ҳар йили ўтказиладиган Марказий Осиё ва Россия халқлари маданияти, санъати ва ижодиёти фестивали — Этномаданият форумини ташкил этиш таклифини билдирди;
– терроризм, экстремизм, кибертаҳдидлар ва одам савдосига қарши курашиш бўйича биргаликда чоралар кўриш муҳимлигини қайд этди ҳамда Афғонистон бўйича юқори даражадаги маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф қилди.
Эртага, 10 октябр куни Душанбеда МДҲ давлат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ўтказилади. Унда Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари иштирок этади. Саммитда давлат раҳбарлари янги формат – «МДҲ+»ни ташкил этиш масаласини муҳокама қилади. Бу форматга учинчи мамлакатларнинг қўшилиши назарда тутилади.