Жорий йилнинг 6 ойида 46 нафар олий ўқув юрти талабаси наркожиноятларнинг олди-сотдисига аралашиб қолган. Бу ҳақда Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази катта инспектори Муҳаммадқодир Маҳмудов хабар берди.
Унга кўра, наркотикларни сотишни касб қилганлар наркокурер сифатида талабаларни танлаётгани кузатилмоқда. Олий ўқув юртига қабул қилинган ва келажакда бир касбнинг эгаси бўлиши кутилаётган ёшларнинг боши берк кўчага кираётгани уларнинг ҳаётини салбий томонга ўзгартираётгани долзарб муаммодир.
Мутахассиснинг қайд этишича, технология ва интернет ривожланиб боргани сайин гиёҳвандлик воситалари тарқатувчилар ҳам савдо кўринишини ўзгартириб, мураккаблаштириб бормоқда. Аввал қўлдан-қўлга ўтган оғу бугун номаълум локациялар ва ноаниқ шахслар томонидан тарқатилмоқда.
Таъкидланишича, ота-оналар иш ва бошқа муаммолар билан бўлиб, фарзандларининг оғу таъсирига тушиб қолганидан хабарсиз қолмоқда. Сабаби, бугунги наркотиклар аввалгиси каби ўзини тезда намоён қилмайди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакилларининг саъй-ҳаракати натижасида жорий йилда аниқланган наркожиноятлар ўтган йилга нисбатан 23 фоизга ошган.