Россия 2026 йилдан «ўз ўзини банд қилганлар» режимига чек қўйиши мумкин

09:44 | 4 дақиқада ўқилади.

Россия Сенати ҳукуматга 2026 йилдан бошлаб ўзини ўзи банд қилганлар учун жорий қилинган солиқ режимини бас қилишни тавсия этди. Бу қарор 14 миллиондан ортиқ фуқарога таъсир қилиши мумкин.

Rossiya nalog

Россия Федерацияси Кенгаши ҳукуматга 2026 йилдан бошлаб «ўз ўзини банд қилганлар» учун профессионал даромад солиғи (ПДС) режимини якунлашни тавсия этди. Сенаторлар қабул қилган «Иқтисодий ҳолат ва ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг асосий вазифалари тўғрисида»ги қарорда ҳукуматга режим самарадорлигини баҳолаш ва уни бекор қилиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилди. Қарор бўйича аввалги муҳокама 2026 йил баҳор сессиясида бўлиб ўтади.

Ҳозирда ПДС режими 2028 йилгача амал қилиши кутилмоқда эди. Иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников сентябрда ҳукумат «тажрибани муддатидан олдин тўхтатиш ниятида эмас», деб баёнот берганди. Аммо бу фикрга қарши равишда сенаторлар режимни икки йилга олдин тугатишни таклиф қилмоқда.

Федерал солиқ хизмати (ФСХ) фуқаролар орасида сўров ўтказмоқда: улардан қайси солиқ ставкаси (0–20%) адолатли, деб ҳисоблашларини сўраб, юқори ставка жорий этилганда қандай йўл тутишларини аниқламоқда.

Агар ПДС бекор қилинса, бу 2019 йилдан бери ушбу режимдан фойдаланиб келаётган 14,3 млн россияликка таъсир қилади. Ҳозир фуқаролар йиллик 2,4 млн рублгача даромад учун 4 фоиз (жисмоний шахслардан) ёки 6 фоиз (юридик шахслардан) солиқ тўлайди.

ПДСни тугатиш режалаштирилаётган янги солиқ ислоҳотининг бир қисми бўлади. Ҳукумат аввалроқ ҚҚСни 22 фоизгача оширган, IT-компаниялар учун имтиёзларни қисқартирган ва фойда солиғини 25 фоизгача кўтарган эди. Шунингдек, «соддалаштирилган» тизимидаги бизнес учун йиллик даромад лимити 60 млн рублдан 10 млн рублга туширилди.

Молия вазирлиги маълумотларига кўра, 2025 йилда федерал бюджет тақчиллиги 5,7 трлн рублни, 2026 йилда эса 3,8 трлн рублни ташкил этади. Шу сабабли ҳукумат янги солиқ чоралари орқали 2,3 трлн рубл йиғишни режалаштирмоқда.

Carnegie Russia Eurasia Center таҳлилчиси Александра Прокопенконинг фикрича, бу қадамларни «уруш харажатлари учун россияликлар чўнтагига чанг солиш», деб баҳолади. Инвестиция стратегиячиси Сергей Суверов эса ҳукумат бюджетни барқарорлаштириш учун солиқларни ошириши ва харажатларни қисқартириши табиий қадам, деган.