Жаҳон банки маълумотларига кўра, сентябрь ойида мол гўшти нархи 6,9 долларга етди — бу 1960 йилдан буён кузатилмаган рекорд. Бир йил ичида жаҳон бўйича бу маҳсулот 10 фоизга қимматлади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ўсиш АҚШ ва Хитой бозорларидаги катта талаб билан боғлиқ бўлиб, тренднинг Россия бозорига ҳам таъсири кутилмоқда.
Россияда эса гўшт қимматлаши анча тез суръатда кетмоқда. Росстат маълумотларига кўра, жорий йил июнида 1 кг суяксиз мол гўшти нархи 895 рубл бўлган — ўтган йилга нисбатан 16,9 фоизга юқори. Суякли мол гўшти 644 рублга етган (15 фоиз ўсиш). Октябр ойи бошида эса ўртача нарх 747 рублни ташкил этди.
Таққослаш учун: бу даврда товуқ гўшти 2,6 фоизга (227 рубл/кг) қимматлади. Мутахассислар йил охиригача мол гўшти яна 12–15 фоизга ошишини тахмин қилмоқда.
Россия бозоридаги вазиятни қийинлаштираётган асосий омил — қишлоқ хўжалигида йирик қорамол сони қисқариши. Бу ҳолат мамлакатда кенг яйловлар ва табиий озуқа манбалари етарли эканлигига қарамасдан юз бермоқда. «Қорамол сони қисқараётгани сабабли ички бозорда етказиб бериш ҳажми пасаймоқда, бу эса нархларни янада ошиб кетишига олиб келади», — дейди экспертлар.
Россия гўшт ассоциацияси раҳбари Сергей Юшиннинг таъкидлашича, жаҳон бозоридаги нарх ўсиши, аввало, АҚШдаги ноқулай иқлим оқибатида чорва сони камайиши билан боғлиқ. «Америка асосий импортчилардан бири бўлгани учун ташқи бозорларда фаол харид бошлади, бу эса нархларни кўтариб юборди. Хитойда ҳам мол гўшти истеъмоли ошиб бормоқда — ҳозир киши бошига йилига ўртача 7 кг дан тўғри келади», — деди у.