Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги маълумотига кўра, Давлат экологик назорати инспекцияси томонидан Самарқанд вилоятининг Булунғур туманида жойлашган хорижий корхона фаолияти текширилди.
Текширувда корхона 2024 йил ноябрда геологик қидирув ишлари учун берилган рухсатни бузган ҳолда, қонун талабларига риоя қилмасдан, ер қаъридан фойдаланишга оид талабларсиз қазиш ишларини амалга оширгани маълум бўлди.
Аниқланишича, корхона «Жомбой 3» участкасидан 50 минг куб метрдан ортиқ тупроқни (лиоссимон жинслар) ноқонуний равишда қазиб олган. Бу ҳаракатлар «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Ер қаъри тўғрисида»ги қонунларнинг бир нечта моддаларига зид ҳисобланади.
Натижада атроф-муҳитга 7 миллиард 374 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилгани ҳисоб-китоб қилинган. Вазирлик баёнотида таъкидланишича, тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага юборилган.