«Шартнома шартлари қонунчиликка мос бўлиши керак» — Марказий банк барча тижорат банкларини огоҳлантирди

13:00 | 3 дақиқада ўқилади.

Сўнгги пайтларда айрим банклар томонидан кредит шартномаларига мижоз ҳуқуқларини чекловчи шартлар киритилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Марказий банк буни қонунчиликка зид ҳолат еканлигини эслатди.

Markaziy bank

Айрим банклар томонидан кредит шартномаларига мижоз ҳуқуқларини чекловчи талаблар: кредит тўловлар жадвалидаги сана ёки миқдор ўзгарган тақдирда, янгиланган маълумотни фақат қарздор сўровига кўра тақдим этиш тартибини жорий этмоқда. Бундай тартиб мижозларнинг ахборот олиш ҳуқуқини бузади ва амалдаги қонунчиликка зид, деб таъкидламоқда Марказий банк.

«Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги ҳамда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларда банклар мижозга хизмат шартлари ва қиймати ҳақида тўлиқ, тўғри ва тушунарли маълумот тақдим этиши шартлиги белгиланган. Истеъмолчи ҳуқуқларини чекловчи шартлар ҳақиқий ҳисобланмайди.

Марказий банк маълумотларига кўра, кредитни қайтариш жадвали кредит шартномасининг ажралмас қисми бўлиб, унда қарз қолдиғи, асосий қарз ва фоиз тўловлари ҳамда уларнинг амалга ошириш санаси кўрсатилади. Шу сабабли, тўлов жадвалидаги ҳар қандай ўзгаришлар ҳақида мижоз ўз вақтида хабардор қилиниши лозим.

Акс ҳолда, қарздор ўз тўлов мажбуриятларини вақтида бажармаслиги, ортиқча фоиз ва жарималар ҳисобланиши, кредит тарихининг ёмонлашиши, ҳамда банк билан низолар келиб чиқиши мумкин.

Марказий банк барча тижорат банкларидан мижоз ҳуқуқларини чекловчи бундай амалиётларни тўхтатишни, илгари тузилган шартномалардаги шундай шартларни бекор қилишни ва кредит жадвалларидаги ҳар бир ўзгаришни мижозга ўз вақтида етказишни талаб қилмоқда.