2025 йилда шимолий кореялик хакерлар жаҳондаги энг йирик киберҳужумни амалга ошириб, 2 миллиард доллардан ортиқ криптовалютани ўғирлаган. Бу ҳақда Лондоннинг Elliptic компанияси маълумотига таянган ҳолда The Independent нашри хабар берди.
Маълумотларга кўра, энг катта ҳужум феврал ойида Дубайда жойлашган Bybit криптобиржасига қилинган бўлиб, унда 1,5 миллиард долларлик Ethereum токенлари ўғирланган. Бу йилги умумий йўқотишларнинг ярмини айнан шу ҳодиса ташкил этган.
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, шимолий кореялик хакерлар тобора кўпроқ бой криптоинвесторларни нишонга олмоқда. Улар хавфсизлик чораларига етарлича эътибор қаратмаган фойдаланувчиларни «ижтимоий муҳандислик» усулида — алдаш ёки чалғитиш йўли билан маблағларига кириш имконига эга бўлишмоқда.
Жорий йилда Шимолий Корея билан боғлиқ деб ҳисобланувчи 30 дан ортиқ бошқа киберҳужумлар ҳам аниқланган. Жабр кўрганлар орасида WOO X, Seedify ва LND.fi каби йирик платформалар бор.
Мутаҳассислар фикрича, ҳақиқий зарар кўрсатилганидан анча юқори бўлиши мумкин, чунки кўплаб ҳужумлар очиқланмаган. Шу билан бирга, Пхеньян ҳануз кибержиноятларга алоқадорлигини инкор этмоқда.