Скутерлар ҳаракатини чеклашга саволлар: авторақам, имтиҳон ва нарх-наво

09.10.2025 16:10 | 37 дақиқада ўқилади.

1 октябрдан эътиборан мопед ва скутер ҳайдовчилари ҳайдовчилик гувоҳномаси олишга ва уловига давлат рақами тақишга мажбур. Қарор хавфсизлик учун дейилса-да, Vaqt.uz фуқаролар, тадбиркорлар ва ногиронлиги бўлган шахслар фикрини ўрганди — улар тизимни халқ имкониятига мослаштиришни сўрамоқда.

Moto 00

Ўзбекистонда 1 октябрдан бошлаб мопед ва скутер ҳайдовчилари учун янги талаб кучга кирди — энди уларни бошқариш учун «А» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиши шарт. Шу билан бирга, транспорт воситалари мажбурий давлат рўйхатидан ўтказилиб, авторақам олиши лозим.

Аслида, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида белгиланган талаб жорий йил март ойидан кучга кириши керак эди, бироқ ижро муддати 1 октябргача кечиктирилган. Шунга қарамай, қарор жамоатчилик орасида кескин баҳс ва норозиликларга сабаб бўлди. Vaqt.uz мавжуд вазиятни ўрганиш мақсадида етказиб берувчилар, жамоатчилик фаоллари, бунга алоқадор тадбиркорларнинг фикрларини ўрганди. Шунингдек, янги тартибнинг ногиронлиги бўлган шахсларга таъсири  масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

 

Нега мопед ва скутер ҳайдаш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилмоқда?

Расмийларга кўра, қарор йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва транспорт ҳодисаларини камайтириш мақсадида қабул қилинган. Янги тартиб кучга киришидан олдин ЙҲХБ матбуот котиби 2025 йилнинг январ–август ойларида мопед ва скутерлар иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 53 киши ҳалок бўлгани, 259 киши эса турли тан жароҳатлари олганини маълум қилган.

Бироқ саволлар кўп: ушбу ҳодисаларнинг нечтаси айнан мопед ёки скутер ҳайдовчилари айби билан содир бўлган? Қайси шароитларда бу ҳолатлар юз берган? Бош сабаблар нимада? Балким инфратузилманинг талабга жавоб бермаслиги нохуш оқибатлар келтириб чиқараётгандир?

Ҳа, жамоатчиликка фақат оқибатга оид маълумотларининг ҳам бир қисми тақдим этилган, қолгани эса «ўзинг топ» қабилида яшириб қўйишгандек. Бу эса маълум маънода ахборот манипуляцияси сифатида баҳоланмоқда.

Gazeta.uz нашрининг ёзишича, фаоллар янги тартиб минглаб фуқароларни даромад ягона манбаидан маҳрум этиши, уларни гувоҳнома ва рақам олиш учун ортиқча вақт ҳамда маблағ сарфлашга мажбур қилиши мумкинлиги ёзиб, мазкур ҳужжатни қайта кўриб чиқишни сўрашмоқда.

Халқ демократик партияси ҳам муддат ва тўлов шартларини қайта белгилашни таклиф этди. Шундай муҳокамалар фонида эса расмийлар ўзларига керакли статистикани эълон қилишди. Шулардан келиб чиқсак, давлат ташкилотлари аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга мавзуларда батафсил ва чуқур маълумотни ўзининг манфаатларидан қатъи назар, тақдим этиши лозим. Акс ҳолда фуқароларнинг конституцион ҳуқуқлари бузилади, қарорлар етарлича муҳокамаларсиз, палапартиш қабул қилинади.

Шу ўринда, Yandex Uzbekistan раҳбари Сардор Қодиров мопед ҳайдовчиларини ўқитиш хавфсизликнинг асосий шартларидан бири эканини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, тайёргарликсиз мопед ёки скутер ҳайдаш мумкин эмас. Шунингдек, дубулға (каска) тақиш расмиятчилик эмас, балки ҳаёт-мамот масаласидир.

Кучга кирган ушбу қарор, айниқса, мопед ва скутердан ўзини ўзи иш билан таъминлаб келаётганлар — етказиб берувчи (курйер)ларнинг норозилигига сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда ҳаттоки уларнинг Президент номига йўлланган очиқ мурожаатлари ҳам тарқалди. Улар ўз мурожаатларида ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автономер олиш бўйича енгилликлар яратилишини, моддий ва маъмурий имтиёзлар берилишини сўрашди. Курйерларнинг фикрича, янги талаблар кўплаб инсонларнинг иш имкониятларини чеклаб, даромад манбаига салбий таъсир кўрсатмоқда. 

Демак, қарордан кўзда тутилган асосий мақсади хавфсизликни таъминлаш бўлса-да, унинг ижроси ҳаддан зиёд тўловлар, жазолаш ёки чеклаш йўли билан эмас, балки очиқ мулоқот, тўлиқ ахборот ва жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда амалга оширилсагина самарали бўлади.



Курйерлар нима дейди?

Vaqt.uz вазиятни ўрганиш мақсадида микрофонни етказиб берувчиларга тутди. Уларнинг фикрлари турлича, аммо барчанинг истаги бир хил.

«Mуддатни чўзишса ёки қандайдир енгиллик берилишини хоҳлардим»

Бунёд Мустафоев, Қашқадарёдан келиб ишлайди.

Moto 01

— Илгари бензинли мопедда ҳаракатланар эдим, аммо 1 октябрдан кейин қарор кучга киргач, йўлга чиқмай қўйдим. Шу сабабли электр велосипед транспортни ижарага олдим, ижара учун ҳафтасига 380 минг сўм тўлайман. Кеча олганман, ишлаяпман, ёмон эмас, лекин даромадим анча камайди. Ижара, квартира, бошқа харажатлар бор. Иложи бўлса, бу қарорни амалга ошириш муддатини чўзишса ёки қандайдир енгиллик берилишини хоҳлардим — молиявий ёки арзонроқ ва тезроқ ўқиш бўйича. Ҳозир нархлар жуда баланд: рақам олиш — 1,5 млн сўм, ҳайдовчилик гувоҳномаси — 3,5 млн сўм, жами 6 млн сўм атрофида чиқади. Рўзғордан орттириб, бунча ортиқча маблағни тўплаш учун камида уч ой вақтим кетади. Шу учун бироз енгиллик яратилса ёки муддат чўзилса, жуда яхши бўлар эди, — дейди Бунёд.

 

«Ўқиш тизимини йўлга қўймасдан туриб «права»ни талаб қилиш нотўғри»

Бекзод Сайдуллаев, Жиззахдан келиб ишлайди.

Moto 02

— Менинг скутерим бор эди, энди мажбурий тарзда электр велосипедга ўтишга тўғри келяпти. Бу эса биз учун зарарли бўляпти — кўп даромаддан воз кечяпмиз. Масалан, электрда юрувчи велосипедда тезлик 30 km/h дан ошмайди, скутерда эса 60 km/h гача боради. Илгариги масофани энди икки баробар кўпроқ вақтда босиб ўтяпмиз. Масалан, 4 километрик йўлни бориб келиш учун 40 дақиқа вақт сарфланяпти, шу вақт ичида мен олтита буюртма бажаришим мумкин эди. Ҳозир эса ҳар бир буюртма учун 40 дақиқа кетяпти.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этилиши, албатта, хавфсизлик нуқтайи назаридан тўғри, лекин буни амалга ошириш тартиби қайта кўриб чиқилиши керак. Масалан, «A» тоифали права олиш учун ҳозир фақат «Ватанпарвар» ташкилотида ўқиш мумкин, бошқа автомактабларда бу имконият йўқ. Агар ўқиш нархлари арзонроқ бўлса ёки енгиллик бериладиган тизим жорий этилса, биз ҳам ўқиб, ҳайдовчилик гувоҳномаси оламиз. Лекин ўқиш тизимини йўлга қўймасдан туриб правани талаб қилиш, менимча, нотўғри, — дейди Бекзод.

 

«Беш кун ўзим учун, икки кун велосипед учун ишлаяпман»

Илҳомжон Назаров, Фарғонадан келиб ишлайди

Moto 03

— Менинг бензинли мотороллерим бор эди, лекин қарор кучга киргач, уйга қўйиб қўйдим. Ҳеч нарса деёлмаймиз, гапимизни эшитишмаяпти. Мен бу қарорга қаршиман. Дунё бўйлаб мотори ҳажми 49 см кубгача бўлган скутерларни «права»сиз ҳайдашга рухсат бор, бизда эса, мана, тақиқланди.

Менда ортиқча пул йўқ — 8 млн сўмга ўқиб, тўлов қилишга имконим йўқ. Ҳисоблаб чиқилса, жами 10 млн сўмга тушади. Ўзимнинг скутерим ҳам 5–6 миллион туради. Майли, 8 миллион сўмга «права» олайлик, розиман, лекин уни ҳам олиш қийин. Агар имтиҳонда йиқилсангиз, қайтадан 1 миллион 200 минг сўм тўлаш керак экан. Бунинг учун 2–3 ой ишламай, оила боқмай, тестни ёдлаб тайёргарлик кўриш керак бўлади. Бунга менда вақт ҳам, маблағ ҳам йўқ.

Даромад ҳам анча пасайди. Ҳозир электр велосипед ҳайдаяпман, илгари бензинли мотоциклда ишлардим. Бу велосипеднинг ижараси ҳафтасига 500 минг сўм — яъни беш кун ўзим учун, икки кун велосипед учун ишлаяпман. Аввал 12 йигит ишлардик, ҳозир олти киши қолдик. Қолганлар Россияга кетиб қолди. Биз эса бу ҳолат қанча давом этишини билмаймиз. Ҳозир 90 фоиз одам шу қарордан норозилик билдиряпти, — дейди Илҳомжон.

 

«Имтиҳон скутерда бўлсин, эски мотоциклда эмас»

Ботир Ашуров, Сурхондарёдан келиб ишлаётган талаба

Moto 04

— Бизда ҳам скутерда ҳаракатланувчилар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси керак, лекин Қозоғистондаги каби алоҳида тоифа жорий этилса, яхши бўларди. «Права» ҳам, автономер ҳам анча арзонроқ бўлиши керак. Ҳозир скутер учун рақам олиш нархи деярли машинаники билан тенг бўлиб қолган — харажатлар эса скутер ёки велосипеднинг ўз қийматига яқинлашиб кетяпти.

Яна бир муҳим жиҳат — имтиҳонлар албатта скутерда бўлиши керак, эски механик мотоциклда эмас. Чунки бизда тахминан 95 фоиз ҳайдовчи автомат скутерларда ҳаракатланади, механик мотоциклни ҳайдаш улар учун қийин, — дейди Ботир.

 

«Балким, велосипедга ҳам «права» олармиз…»

Сарварбек Тўрабоев, Андижондан келиб ишлайди

Moto 05

— Скутерларга «права» мажбурий бўлишига кўпчилик қарши. Шахсий фикримча, аслида бу транспортни билган одамгина ҳайдаши керак. Энди, баъзилар эплай олмаганидан кейин, масалан, Instagram ёки видеоларда турли ҳолатлар чиқиб қолади — бу эса, аслида, тақдир масаласи. Ёки «А» тоифага ўқиб, бошқача қилиб, яна чекловлар қўйишади — балки кейин велосипедга ҳам «права» талаб қилиб қолишар… Менимча, бунга ҳужжат талаб қилиш шарт эмас, билган одам миниши керак. Ҳозир ҳамма нарса ҳужжат бўлиб кетди. 

Имтиҳонга тайёрланиш ҳам, уни топшириш ҳам пул. Бунинг ижараси бўлади, унинг «расходи» бўлади. Агар бензинда юрса, бензиннинг пули бўлиши керак, бошқаси бўлиши керак, қопламайди. Агар ростдан ҳам халқни «права»га ўқитишни ёки ҳаммада бўлишини хоҳлашса, нарсани осон қилиб қўйишса, халқ шуни қилади. Бу нарсани баттар қийинлаштириб, қимматлаштирган сари, ҳеч кимнинг у нарсани қилгиси келмайди. Ҳамкасбларимнинг ўқиш ва имтиҳон нархларини арзонлаштириш ҳақидаги фикрига қўшиламан. Айтишади-ку, «кемага тушганнинг жони бир», — ҳаммаси ўзимиздан, қўшиламан гапларига, — дейди Сарварбек.

 

Ҳайдовчилик гувоҳномасисиз скутер ҳайдаш учун қандай жазо белгиланган?

Янги тартиб 2025 йил 1 октябрдан амалга кирди. Унга кўра, «А» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси мотоцикл ва унга тенглаштирилган икки ғилдиракли воситалар учун, «А1» тоифаси эса двигатели 125 см³ гача бўлган енгил мотоцикл ва скутерлар учун мўлжалланган.

Агар ҳайдовчи белгиланган тоифадаги гувоҳномага эга бўлмаса, унга нисбатан 2 млн 60 минг сўм миқдорида жарима қўлланади. Бу сумма амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 5 бараварига тенг.

 

Жамоатчилик фаоллари нима дейди?

Блогерлар ва фаоллар ҳам мазкур қарор юзасидан турли фикрлар билдиришди. «Davletovuz» канали асосчиси Қобил Хидиров бу масалада «олтин ўрталикни топиш керак»лигини таъкидлади.

Иқтисодчи Отабек Бакиров эса «йўқ жойдан муаммо яратилиб, ўлпон солинмаса, скутерлар аҳолини камбағалликдан чиқариши мумкин»лигини ёзди. Шу билан бирга, у 130 мингга яқин курйернинг ишсиз қолиши ёки норасмий фаолиятга ўтиб кетиши хавфи борлигини билдирди.

«Ўзбекистонда давлатдан триллионлаб субсидия ва имтиёзлар олиб, миллиардлаб долларлик пудрат ва давлат буюртмаларига эга бўлиб, миллионлаб ўзбекистонликларнинг қон қақшатиб протекционистик чекловлар туфайли доллардаги миллиардерга айланганига қарамай, ҳали бирон олигарх ёки чўнтак валломат 100 минг ишчи тугул, 50 минг ишчи ўрни яратмаган. Лекин давлатдан бир сўм олинмай, сўнгги 2–3 йилда янги бозор ҳисобига пайдо бўлган 130 минг иш ўрни бир кунда йўқ бўлиши мумкин. Бу эса бир гуруҳ тор манфаатдорларнинг ҳукумат қарорига кўр-кўрона таъсир кўрсатиши оқибатида юз берди», — деб ёзди О.Бакиров.

Тадбиркор Фируз Аллаев эса масаланинг иқтисодий жиҳатини ҳам ҳисобга олиш зарурлигини таъкидлади.

«Бугун минглаб фуқаролар етказиб бериш хизмати ва бошқа соҳаларда айнан скутер ва мопедларда ишлайди. Қишлоқ жойларда улар эски эшак ва арава ўрнини эгаллаган. Бу воситалар орқали аҳолининг энг кам таъминланган қатлами даромад топаяпти. Улардан кўпчилигида на рақам, на ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун пул бор. Кўп эҳтимол билан улар техникасиз ва ишсиз қолади. Бу эса катта шаҳарларда етказиб бериш хизмати нархи ошишига ва тезлиги пасайишига олиб келади. Бир томондан жарималар орқали бюджет ютса-да, иккинчи томондан иқтисодиёт иш ўринлари ва қиймат йўқотиши мумкин. Шунинг учун умид қиламанки, қарор қабул қилишда шу каби барча омиллар инобатга олинади», — деб ёзди Ф.Аллаев.

Журналист Шухрат Латипов эса қонун ва унинг оқибатларини таҳлил қилар экан шундай хулосани илгари сурди

«Ҳозирча янги қоидалар хавфсизлик ғамидан кўра, 2024 йил бошидан буён рақамлар сотувидан даромаднинг бир қисмини олаётган битта хусусий компания манфаатлари билан боғлиқдек таассурот уйғотмоқда», — дейди у.

 

Буларнинг ортида ким турибди?

Скутер ва мопедлар билан боғлиқ вазиятни таҳлил қилар эканмиз, беихтиёр яқин ўтмишдаги «Avtotest» воқеасини ҳам ёдга олиш зарур. Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев ҳам бунга алоҳида тўхталиб, шундай ёзган

«2017 йили ҳукуматимиз юридик шахсларнинг ҳайдовчиларини ҳар икки йилда бир марта малакасини ошириш шартлиги ҳақида қарор чиқарган. Қарор талаблари 2018 йил 1 июлдан кучга кириши керак эди (аммо кейинроқ 2019 йил 3 августгача кечиктирилган — худди скутер ва мопед ҳайдовчилари гувоҳнома олиши ҳақидаги талаб мартдан октябрга кечиктирилгани каби). Қарорнинг биринчи таҳририга кўра, юридик шахсларнинг малакасини ошириш бўйича эксклюзив ҳуқуқ фақат «Avtotest»га берилган эди».

Аммо ўша пайтда қарор тўла бекор қилинмаган. Фақатгина «Avtotest»га берилган монопол ҳуқуқ бекор қилинган, холос. Жамоатчилик 2018–2019 йилнинг август ойигача ана шу қарорнинг бекор қилинишини талаб қилган, аммо ҳукумат ҳеч қандай чора кўрмаган.

«Қарорни қабул қилиш жараёни ҳам, уни жорий этиш жараёни ҳам, кечиктирилиши ҳам, «ГАИ»нинг яширин статистика рақамлари билан манипуляция ҳам, норозилик ҳам — ўша 2017–2019 йиллардаги ҳолат билан деярли бир хил. Эҳтимол, бу ишлар ортида турганлар ҳам ўша-ўшадир», — деб ёзади журналист Мухрим Аъзамхўжаев.

«Avtotest» эса «Биз туҳматлардан чарчадик», — дея юридик шахсларга тегишли машиналар ҳайдовчиларининг малакасини оширишни тўхтатганини маълум қилган. Шу билан бу мавзу ёпилган, аммо тарих ҳеч нарсани унутмайди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас. Бу қарор кучга кириши нафақат курйерларга, балки тадбиркорларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Муаммога ечим бошқа муаммоларни туғдирмоқда.

 

«Янги қонун сабаб курйерлар етишмаслиги кучайиши мумкин»

1 октябрдан кучга кирган қонунга кўра, мопед ва скутер ҳайдовчилари ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақамига эга бўлиши шарт. Тадбиркор Ирина Салихованинг таъкидлашича, бу талаб етказиб бериш соҳасидаги кадр етишмовчилигини янада кучайтиради.

«Бизда ҳар куни буюртмаларнинг 20–25 фоизи Ultima, Wolt, Uzum Tezkor ва Express24 орқали амалга оширилади. Аммо курьерлар сони етмайди. Гуруҳларда «курйер топилмади, буюртма бекор қилинди» деган хабарлар тез-тез чиқади. Техник жиҳатдан биз зарар кўрмаймиз, лекин мижоз учун бу ёмон таассурот қолдиради», — дейди тадбиркор.

Унинг сўзларига кўра, гувоҳнома ва рақам олмаган курйерлар ишни давом эттира олмаслиги етказиб бериш тизимини издан чиқариши мумкин. «Кўпчилик велосипедга ўтади, бу эса етказиб бериш тезлигини пасайтиради», — дея таъкидлади Салихова.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг таъкидлашича, 1 октябрдан кучга кирган мопед ва скутерлар учун ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда давлат рақами талаб этувчи қоидалар нафақат курйерлар, балки оддий фуқаролар учун ҳам оғир оқибатларга олиб келмоқда.

«Арзон ва имконияти кенг мопедлар нафақат юз минглаб курйерлар учун тирикчилик воситаси, балки Марҳаматдан Шуманайгача бўлган чекка туманлардаги ўқитувчилар учун ҳам асосий транспорт эди. Эндиликда эса улар мактабга бориш учун икки-уч ойлик маошини ҳайдовчилик курслари, давлат рақами ва тўловларга сарфлашга мажбур бўлади ёки пиёда юришади», — деб ёзди иқтисодчи ўз саҳифасида.

Бакировнинг сўзларига кўра, бу қоидалар аҳолининг энг меҳнаткаш қатламини жазоламоқда. «Ҳукумат транспорт хавфсизлигини баҳона қилиб, аҳолининг ҳаётий эҳтиёжидан даромад манбаи яратди. Бу энг кам даромадли қатлам учун адолатсиз қарор», — дейди у.

 

Тангaнинг бошқа томони: ногиронлиги бўлган шахслар нима қилади?

Журналист Шуҳрат Шокиржоновга келган мурожаатга кўра, 1 октябрдан кучга кирган мопед ва скутерларни рўйхатдан ўтказиш ҳамда ҳайдовчилик гувоҳномаси талаб этиш қоидалари ногиронлиги бўлган фуқаролар учун ҳам оғир оқибатларга олиб келмоқда. Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи I гуруҳ ногирони Қ.Амоновнинг сўзларича, янги тартиб унинг ҳаётини сезиларли даражада қийинлаштирган.

«Авариядан кейин ногирон бўлдим, ҳассада юраман. Тўрт йил аввал бир саховатпеша инсон менга уч ғилдиракли электроцикл совға қилганди. Энди уни бошқариш учун правага ўқиш керак экан. Автономер олиш керак экан. Техпаспорт олиш 1 миллион 600 минг сўм экан. «Ватанпарвар»га бордим. Ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқиш учун 1,5 миллион сўм тўлаш керак экан», — дейди Амонов.

Унинг таъкидлашича, тиббий кўрикдан ўтиш жараёни ҳам осон эмас. «Шифокорлар рухсат бермаяпти. «Хоҳласам ёзаман, хоҳласам ёзмайман, қаерга борсанг бор» деди. Биз уч нафар ногирон ёмғирда соатлаб кутдик, лекин комиссия қабул қилмади», — деб ёзади у.

Унинг таъкидлашича, нафақаси 1 миллион сўм ва шундай шароитда қимматроқ тўловлар ва расмий ҳужжатлар унинг мустақил ҳаракатланиш имконини йўқотиши мумкин. Кўплаб ногиронлиги бўлган шахслар айнан электроцикллар орқали иш ва ижтимоий фаолликни таъминлаб келган, янги тартиб уларни катта моддий қийинчиликка солади.

«Давлатга боқиманда бўлмайлик, деб ўзимизнинг кунимизни кўриб юрган бўлсак. Кейин пиёда юрамизми ёки уйда ўтирамизми?! Ҳукуматимиз шунча қарор чиқарган бўлса у қарорлар бизлар учун эмасми?», — дейди мурожаат якунида.

Хулоса қилиб айтганда, мопед ва скутер ҳайдовчилари учун «А» тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси талабини жорий этиш ғояси — қoғозда хавфсизликни таъминлашни кўзласа-да, амалда минглаб фуқаролар учун янги ижтимоий ва иқтисодий тўсиқлар яратиб қўйди. Ҳукумат бу қарор орқали тартиб ва масъулиятни кучайтирмоқчи бўлди, аммо тизим тайёр эмаслиги, ўқув марказлари сони ва нархлари адолатли эмаслиги, имтиҳон тартибининг мураккаблиги ва ахборот очиқлигининг етишмаслиги натижада хавфсизликдан кўра норозиликни кўпайтирди.

Ҳозирги ҳолатда асосий хато — муаммони фақат жазо ва чеклов орқали ҳал қилишга уринишдир. Агар мақсад ҳақиқатан ҳам инсон ҳаётини асраш бўлса, у ҳолда давлат одамларни тўсиш эмас, ўқитиш ва тайёрлаш билан бошлаши лозим. Буни амалга ошириш учун қисқа муддатли ва чўнтакбоп ўқув курсларини жорий этиш, имтиҳонни айнан скутерларда топшириш имконини бериш, нарх ва жарималарни адолатли даражага тушириш ҳамда фуқароларни жазолаш эмас, қўллаб-қувватлаш йўлидан бориш зарур.

Бу қарорнинг энг оғир оқибатини айнан меҳнаткаш қатлам — курйерлар, талабалар, ўқитувчилар, шунингдек, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳис этмоқда. Улар учун мопед ёки скутер ҳашамат эмас, тирикчилик, ҳаракатланиш воситаси. Шу боис, уларни иқтисодий имконияти ва реал шароитига қараб қонун доирасида интеграция қилиш — давлатнинг бурчи. 

Ҳукумат аҳолининг турмуш даражасини ҳисобга олган ҳолда, бир неча ойлик ўтиш даврини белгилаб, имтиёзли ўқув дастурларини ишга тушириши, ногиронлиги бор шахслар ва чекка ҳудуд аҳолиси учун алоҳида қулай тартиб жорий этиши керак.

Тартиб керак, хавфсизлик керак — лекин инсон манфаатини унутган қонун ҳеч қачон иш бермайди. Давлат ва фуқаро ўртасида ишонч бўлмаса, энг яхши қарор ҳам мантиқсиз бўлиб қолади. Шунинг учун бугун энг муҳим вазифа — қонунни эмас, тизимни инсонпарвар қилиш. Йўлларда тартиб фақат дубулға ва права билан эмас, балки адолат, ахборот ва очиқ мулоқот билан таъминланади.

Акс ҳолда, бу қарорнинг тагида хавфсизлик эмас, манфаат кўзлангани ҳақидаги гумонлар янада кучаяди. Агар эса давлат фуқароларнинг дардини эшитса, уларга қулай ва шаффоф йўл таклиф этса — у ҳолда бу ислоҳот ҳақиқий ислоҳотга айланади. Зотан, мопед ва скутер ҳайдовчилари ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш ҳақидаги қарорга қарши эмас — аксинча, хавфсизлик ва тартиб бўлишини қўллаб-қувватлашмоқда. Аммо улар курс нархлари, имтиҳон жараёни ва давлат рақами олиш каби «тўла-тўла» жараёнлар ортидан тизимни қайта кўриб чиқишни, уни халқ имкониятига мослаштиришни хоҳлашмоқда. Чунки ислоҳотнинг мақсади одамни жазолаш эмас, балки унга қулай ва хавфсиз муҳит яратиш бўлиши керак. Шундагина бу қарор ҳақиқий тартиб ва хавфсизликни таъминлайдиган адолатли тизимга айланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ  ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш қимматга тушиши, саволлар эса мураккаблиги ҳақида суриштирув эълон қилинган эди.

Маҳлиё Ҳамидова тайёрлади.