Европа Иттифоқи Россия нефт ва газидан тўлиқ воз кечишни муҳокама қилмоқда

15:10 | 3 дақиқада ўқилади.

Европа Иттифоқи давлатлари 2028 йилгача Россия нефт ва гази импортини тўхтатиш режаси бўйича келишмоқда. Брюсселда бўлиб ўтадиган ЕИ кенгаши йиғилишида мазкур масала муҳокама этилади.

Neft

Европа Иттифоқининг доимий вакиллари REPowerEU дастури доирасида Россия энергетика манбаларидан воз кечиш бўйича ҳужжатни тайёрлади. Deutsche Welle халқаро ахборот агентлиги маълумотига кўра, ЕИнинг деярли барча давлатлари Россия газини импорт қилишни тақиқлаш ғоясини қўллаб-қувватламоқда.

Доимий вакиллар 2028 йилгача Россиядан нефт ва газ етказиб беришни босқичма-босқич тўхтатиш режасини маъқуллаган. Ҳужжат 20 октябрда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи кенгаши йиғилишида тасдиқланиши кутилмоқда.

Баъзи мамлакатлар, жумладан Венгрия ва Словакия, тақиқни заифлаштиришни таклиф қилган бўлса-да, кўпчилик бундай ёндашувга қарши чиқди. Қарор ЕИ аъзоларининг камида 55 фоизи тарафидан маъқулланса, қабул қилинган ҳисобланади.

Шу билан бирга, суюлтирилган табиий газ (СТГ) импорти билан боғлиқ ҳуқуқий масалалар ҳам муҳокама этилаётир. Европа Иттифоқи портларига келаётган СТГ Россияга тегишли эмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун олдиндан текшириш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Бу энергетика хавфсизлигини таъминлаш ва Россия билан иқтисодий боғлиқликни минимал даражага туширишни мақсад қилган стратегиянинг муҳим қисми ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Туркия Россиядан келадиган газ ва нефтдан тўлиқ воз кечишга тайёрланмоқда. Reutersʼга кўра, АҚШ президенти Доналд Трампнинг талаблари Анқара учун «рад этиб бўлмайдиган шарт»га айланган.

Аввалроқ Ҳиндистон Россия нефтидан воз кечиш эвазига АҚШдан Эрон нефти харидига рухсат сўраган эди.