Андижонда ҳоким ўринбосари пора олаётганда қўлга тушди

12:20 | 2 дақиқада ўқилади.

Марҳамат тумани ҳокимининг ўринбосари савдо дўконлари учун ер ажратиш ва ҳужжатларни расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 15 минг доллар талаб қилган.

Remote

Андижон вилояти Марҳамат тумани ҳокими ўринбосари Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда ДХХ ахборот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, мансабдор шахс туман ҳудудидан ўтган катта йўл бўйидаги 400 метрлик зовурни ёпиқ тизимга ўтказиш орқали 60 сотих ер майдонини бўшатишни режалаштирган. Ушбу ерда ҳар бири 30 квадрат метр бўлган саккизта савдо дўкони қуриш учун ер ажратиб бериш ва ҳужжатларни юқори лавозимдаги танишлари орқали расмийлаштириб бериш эвазига фуқародан 15 минг доллар талаб қилган.

Тергов маълумотларига кўра, у келишилган пулнинг 200 долларини олдиндан олган. Қолган 14 800 долларни олаётган пайтда тезкор гуруҳ томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми «а, в» бандлари ва 28,211-моддаси (пора бериш) 2-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳоким ўринбосарига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.