Андижонда кўча ва аҳоли томорқаларига сув тошди

15:50 | 2 дақиқада ўқилади.

Андижон туманида маҳаллий каналда сув сатҳи кескин кўтарилиб, сув қирғоқ ва дамбалардан тошиб чиқди. Оқибатда бир нечта хонадонларнинг ҳовлиси ва томорқаси сув остида қолди.

Image 2025 10 11 15 36 18

11 октябр куни соат 07:58 да Андижон тумани «Қумкўча» маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи SRK-1 маҳаллий каналда сув ҳажми кескин ошди. Бунинг натижасида канал қирғоқлари ва дамбалари орқали сув тошиб чиқиб, аҳолининг айрим уй ва ҳовлиларига киргани маълум қилинди. Бу ҳақда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси хабар берди.

Ҳозирги вақтда Ирригация тизимлари бошқармаси томонидан мазкур каналга сув ташлаш тўхтатилган. Фавқулодда вазиятлар, ҳокимлик ҳамда қутқарув хизматлари ва ирригация тизимлари ходимлари ҳодиса жойига етиб борган. Улар сув оқимини тўсиш ва аҳоли мулкини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўрмоқда.

Ҳодиса натижасида жабрланганлар ёки тан жароҳати олганлар ҳақида маълумот келиб тушмаган. Вилоят ФВБ ҳолат юзасидан қўшимча маълумотларни тақдим этишини маълум қилган.

Айни пайтда мутахассислар канал дамбасининг аҳволини ўрганиб, келгусида бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун профилактик ишлар режасини ишлаб чиқмоқда.