Булоқбошида тотализатор қарзи ортидан 9 кишилик оила яшаб турган уйидан мажбуран чиқарилди

22:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Андижон вилояти Булоқбоши туманидаги уй эгаси қимор қарзи туфайли мулкини сотган. Аммо қарзни узиш умидида 11 ой уйни тарк этмаган.

Buloqboshi ijro

Андижон вилоятининг Булоқбоши тумани Қумгузар маҳалласида 9 нафар фуқаро суд қарори билан турар-жойдан кўчирилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси маълум қилди.

Бунгача ижтимоий тармоқларда фуқаролар, жумладан вояга етмаган болалар ва ҳомиладор келин суд қарорисиз уйларидан мажбурий кўчирилгани ҳақида асоссиз хабар тарқалган.

МИБ бу маълумотни рад этди ва кўчириш Фуқаролик ишлари бўйича Хўжаобод туманлараро судининг буйруғи асосида амалга оширилганини билдирди.

«Суд буйруғига мувофиқ, жавобгарлар Н.Эркинова ва бошқаларни Булоқбоши тумани, Чаманзор кўчасидаги 108-уйдан буюмлари билан бирга кўчириш белгиланган. Ижро жараёнлари 2 октябр куни ўтказилиб, 9 нафар фуқаронинг кўчирилиши таъминланди», — дейилади МИБ хабарида.

МИБ маълумотича, аввал икки марта ижро ҳаракатлари белгиланган, аммо қарздор О.Юсуповнинг ёзма илтимосномасига кўра улар кейинга қолдирилган. Янги сана сифатида 2025 йил 2 октябр санаси белгиланган ва тегишли ташкилотлар иштирокида ижро амалга оширилган.

Podrobno.uz маълумотига кўра, уйнинг аввалги эгаси тотализаторда ютқазиб, қарзга кирган. Қарзини узиш учун уйни сотган бўлса-да, уни қарийб 11 ой мобайнида бўшатмасдан, қарзини тўлаб уйни қайта сотиб олиш умидида яшаб келган.