Ўзбекистон Божхона қўмитаси йўловчилар учун янги электрон хизматни йўлга қўйди. Энди чегарадан ўтишда божхона декларациясини мобил илова орқали онлайн тўлдириш ва тақдим этиш мумкин бўлади. Бунинг учун махсус «Yo‘lovchi-deklaratsiyasi» иловаси ишга туширилди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Илованинг интерфейси оддий ва фойдаланувчи учун қулай бўлиб, паспорт маълумотлари киритилгандан сўнг декларациянинг асосий бандлари автоматик равишда тўлдирилади. Йўловчи фақат олиб ўтаётган валюталар, товарлар ёки қурилмалар ҳақидаги маълумотларни киритиши кифоя.
Қўмитанинг маълумот беришича, илова орқали мобил қурилмаларнинг IMEI-кодларини қўлда ёзиш талаб этилмайди. Бу маълумотлар илова ёрдамида сканерлаш орқали автоматик равишда киритилади. Шу билан бирга, чегара постларида махсус инфокиосклар ўрнатилиб, улар орқали ҳам декларация юбориш имкони яратилади.
Фуқароларнинг қулайлиги учун чегарада бепул Wi-Fi ҳудудлар ташкил этилади. Электрон декларация тизими қоғоз шаклида учрайдиган хатоларни — маълумотларни кеч ёзиш, нотўғри киритиш ёки ўзбошимчалик билан ўзгартириш ҳолатларини бартараф этади.
Янги тизим нафақат йўловчиларнинг вақтини тежайди, балки мамлакатнинг халқаро туристик имижини ҳам яхшилаши кутилмоқда. Иловани «Play Market» ва «App Store» орқали юклаб олиш мумкин.
«Yo‘lovchi-deklaratsiyasi» иловаси ҳозирча «Тошкент» халқаро аэропортида синов тариқасида ишламоқда. 2025 йил 1 ноябрдан бошлаб эса барча чегара ўтказиш пунктларида тўлиқ жорий этилади. Бу ислоҳот Ўзбекистон президентининг 2025 йил 25 мартдаги PF–57-сонли фармони асосида амалга оширилмоқда.