Иссиқхона хўжаликларига солиқ имтиёзлари берилди

17:30 | 3 дақиқада ўқилади.

Президент фармонига кўра, иссиқхона хўжаликлари 2028 йил охиригача мавжуд солиқ қарзини фоизсиз тўлаш имконига эга бўлади. Шунингдек, улар учун ижтимоий солиқ ставкаси 3 йилга 1 фоиз даражада белгиланди.

Bd3bc4f3c835d7da5b4ac

Ўзбекистон Президенти «Иссиқхона хўжаликлари фаолияти самарадорлигини ошириш ва экспорт ҳажмини кўпайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонни имзолади. Ҳужжатда иссиқхона соҳасидаги ишлаб чиқаришни барқарорлаштириш ва экспортни кенгайтиришга қаратилган бир қатор солиқ ва маъмурий енгилликлар назарда тутилган.

Фармонга кўра, 2025 йил 1 октябр ҳолатига мавжуд солиқ қарзлари музлатилиб, уларни фоиз қўшилмаган ҳолда 2028 йил якунига қадар тўлаш имкони берилади. Шунингдек, иссиқхона хўжаликлари 2026 йил 1 январдан бошлаб 2028 йил якунигача ижтимоий солиқни фақат 1 фоиз ставкада тўлайди. Бу чоралар соҳадаги иқтисодий босимни енгиллатиш ва ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Фармонда белгиланган мақсадларга кўра, 2026 йилда мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 3,5 миллиард АҚШ долларига, 2027 йилда эса 4 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Шунингдек, иссиқхона хўжаликларини табиий газ билан кафолатли таъминлаш орқали маҳсулот етиштириш ҳажмини 2026 йилда 620 минг тонна, 2027 йилда эса 670 минг тоннадан ошириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2026 йилда қўшимча 20 минг гектар, 2027 йилда 15 минг гектар ер майдонида мева ва сабзавот экиш ишлари амалга оширилади. Маҳсулотлар экспорти улуши эса 30 фоиздан 70 фоизгача оширилиши режалаштирилган.

Фармон соҳада фаолият юритаётган тадбиркорларга катта молиявий енгиллик яратиб, иссиқхона хўжаликларининг барқарор фаолият юритишига хизмат қилиши кутилмоқда.