Жиззах вилояти Фориш туманида қурилаётган атом электр станцияси (АЭС) майдонига темир йўл тармоғи тортилади. Бу ҳақда 6-октябр куни ўтказилган пресс-турда АЭС қурилиши дирекцияси раҳбари Абдужамил Калмуратов маълум қилди.
Унинг таъкидича, логистика масалалари ҳозирда ҳал этилаётган бўлиб, қурилиш материаллари ва ускуналарнинг бир қисми яқиндаги темир йўл орқали етказиб берилади.
Калмуратовнинг сўзларига кўра, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ томонидан янги йўналиш белгиланган, смета ҳисоб-китоблари тайёр ва лойиҳанинг амалга ошириш тартиби белгилаб олинган. Янги темир йўл узунлиги тахминан 9 километр бўлади.
Реактор ускуналари Россиядаги «АЭМ-Спетстал» металлургия заводида ишлаб чиқарилаётган бўлиб, уларни ҳам темир йўл орқали Ўзбекистонга етказиб бериш режалаштирилган. Шу билан бирга, логистика жараёни ускунанинг тури ва техник талабларига қараб ўзгариши мумкин.
Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳозирда Қозоғистон вазирлик ва идоралари билан мамлакат ҳудудидан ўтувчи юк ташиш йўналишини келишиш бўйича музокаралар олиб бормоқда.
Пресс-тур давомида Калмуратов мамлакат уранини Россияга бойитиш учун юбориш ҳақидаги саволга жавоб бермади, бу маълумотни «бироз ёпиқ» деб атади. Унинг таъкидича, АЭС қурилиши дирексияси ва «Росатом» йил охиригача тегишли шартномани муҳокама қилишни режалаштирган.
У, шунингдек, «Росатом» Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган урандан фойдаланишга рози бўлганини қайд этди. Бу, унинг сўзларича, мамлакат иқтисодиёти учун муҳим илдам қадам ҳисобланади.