Марказий Осиёдаги йирик «Deadpool» наркотармоғи фош этилди

19:02 | 3 дақиқада ўқилади.

Ўзбекистонда Божхона органлари 4 мингдан ортиқ фаол обуначига эга бўлган «Deadpool» номли Марказий Осиёдаги Telegram наркотармоғига алоқадор бир нечта шахсни қўлга олди. Улар юзлаб грамм синтетик моддаларни тарқатгани аниқланди.

960x540

Божхона органлари томонидан гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида йирик наркотармоқ фош этилди. Тезкор тадбирлар 2025 йил август–сентябрь ойларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда ўтказилган.

Маълум бўлишича, 2017 йилдан буён фаолият юритиб келган ва Марказий Осиё миқёсидаги Telegram наркотармоқларидан бири саналган «Deadpool» каналидаги йирик тарқатувчилар қўлга олинган. Каналда 4 мингдан ортиқ фаол обуначи бўлган.

31 август куни Андижон вилояти Хўжаобод туманида ўтказилган тезкор тадбирда Қирғизистондан ноқонуний йўл билан олиб кирилган 602 грамм «альфа-PVP» синтетик моддасини қабул қилаётган шахс ушланган. Терговда у 2023 йилдан буён наркотармоқ фаолиятида иштирок этиб, жами 50 килограммга яқин модда тарқатганини тан олган.

Шунингдек, 10 сентябрь куни Тошкент вилояти Зангиота туманидаги «назорат остида етказиб бериш» амалиётида яна икки нафар шахс «Deadpool» тармоғига тегишли 492,2 грамм «клефедрон» моддаси яширилган жўнатмани қабул қилаётганида қўлга олинган. Улар ярим йил мобайнида 12,5 минг дозадан ортиқ синтетик наркотикни муомалага киритгани аниқланган.

Тергув маълумотларига кўра, ушбу шахслар ҳар бири 10 нафардан ортиқ «закладчик» — яъни майда тарқатувчилар тармоғини ташкил этган. Улар Тошкент шаҳри ва вилоятининг Яшнобод, Мирзо Улуғбек, Бектемир, Чирчиқ ва Юқоричирчиқ ҳудудларидаги боғлар ва таълим муассасалари атрофида фаолият юритган.

Ҳозирда Божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ишлари олиб борилмоқда. Илгари Фарғона вилоятида ҳам шунга ўхшаш трансчегаравий наркотармоқ аъзолари қўлга олинган эди.