Ўзбекистоннинг хусусий авиакомпанияси Qanot Sharq АҚШ Транспорт вазирлигига Тошкент—Ню Йорк йўналиши бўйича тўғридан-тўғри парвозлар амалга ошириш учун расмий ариза тақдим этди. Бу ҳақда Aviation Week Network нашри хабар бермоқда.
Ўзбекистондаги хусусий авиакомпаниянинг режасига кўра, парвозлар ҳафтада икки марта йўлга қўйилади. Агар ариза тасдиқланса, Qanot Sharq Ўзбекистон тарихида АҚШга мунтазам авиақатновларни амалга оширадиган илк хусусий авиаташувчи бўлади. Ҳозирча мамлакатдан АҚШга фақат Uzbekistan airways миллий авиакомпанияси парвоз қилади.
АҚШ Транспорт вазирлиги қарорни 2025 йил охири ёки 2026 йил бошида қабул қилиши кутилмоқда. Рухсат олинган тақдирда, Qanot Sharq трансатлантик йўналишда парвозларни амалга оширадиган постсовет ҳудудидаги иккинчи авиаташувчига айланади.
Qanot Sharq сўнгги йилларда ўз паркини модернизация қилиб, Airbus A321neo ва Airbus A330-200 каби узоқ масофага мос самолётлар билан флотини кенгайтирди.