Россияда бензин нархи 14 йиллик рекордни янгилади

13:57 | 3 дақиқада ўқилади.

Дрон ҳужумларидан сўнг нефтни қайта ишлаш заводларидаги узилишлар бензин танқислигини келтириб чиқарди — нархлар йиллик ҳисобда 12,7 фоизга ошди.

Benzin russia

Россияда бензин нархи охирги 14 йил ичида энг юқори суръатда ўсди. Бу ҳақда The Moscow Times нашри Росстат маълумотларига таяниб хабар берди.

Сентябр ойида мамлакат бўйлаб чакана савдодаги бензин нархи ўртача 2,58 фоизга қимматлашди — бу 2018 йилдан бери кузатилмаган кўрсаткич. Йиллик ҳисобда ўсиш 12,73 фоизни ташкил этди, бу эса 2011 йил декабридан буёнги энг юқори даража ҳисобланади.

Экспертлар бензин нархининг кескин ўсиши мамлакатда умумий инфляциянинг тезлашишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Freedom Finance Global таҳлилчиси Владимир Чернов таъкидлашича, ёқилғи қимматлаши қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика харажатларини кўпайтириб, бу эса маҳсулотлар ва биринчи навбатдаги товарлар нархининг ошишига олиб келади.

Йил бошидан буён нефт маҳсулотларининг улгуржи нархи 40–50 фоизга кўтарилган. Август ва сентябр ойларида эса 10 мартадан ортиқ тарихий максимум қайд этилган. Дрон ҳужумлари туфайли мамлакатдаги нефтни қайта ишлаш заводлари қуввати 23 фоизгача тўхтаган ва ички бозорда 20 фоиз атрофида бензин танқислиги юзага келган.

Bloomberg маълумотича, августдан бери дронлар Россиядаги камида 30 та йирик нефтни қайта ишлаш заводига зарба берган. Октябр ойида ҳужумлар Тюмен, Ярославл, Оренбург ва Ленинград областларидаги бир нечта заводларни ишдан чиқарган.

Натижада, нефт қайта ишлаш ҳажми жорий йил октябрида кунига 4,86 миллион баррелгача тушди — бу охирги беш йилдаги энг паст кўрсаткич. Иқтисодчиларнинг фикрича, бензин нархи юқори даражада сақланиши мамлакатда умумий нархлар ўсишини келгуси ойларда яна кучайтириши мумкин.