Тошкентда 200 млн долларлик меҳмонхона қурилади

21:32 | 3 дақиқада ўқилади.

Тошкент шаҳрида умумий қиймати 200 миллион доллар бўлган «Ritz-Carlton» беш юлдузли меҳмонхонаси ва турар-жой мажмуаси қурилиши бошланди.

Photo 2025 10 10 17 59 30

Тошкентда халқаро «Ritz-Carlton» бренди остида замонавий беш юлдузли меҳмонхона ва турар-жой мажмуаси барпо этилмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати 200 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумот берди.

10 октябр куни вазир ўринбосари Хуррам Тешабаев Озарбайжоннинг «PASHA Real Estate» компанияси раҳбари Элчин Гадимов билан учрашиб, лойиҳани амалга ошириш жараёнларини муҳокама қилди. Учрашувда қурилиш ишлари жадал суръатда давом этаётгани таъкидланди.

Британиянинг «Benoy» компанияси ҳамкорлигида объектнинг бош режаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда ерости иншоотлар қурилиши якунига етмоқда ва йили охирига қадар биноларнинг устки конструкцияларини барпо этиш ишлари бошланади.

Томонлар лойиҳани белгиланган муддатларда ва халқаро сифат стандартларига мос равишда амалга ошириш бўйича келишиб олди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Маълумот учун, «Pasha Holding» 2006 йилда ташкил этилган бўлиб, банк ва молия, суғурта, инвестиция, қурилиш ва технология соҳаларида фаолият юритади.